17:31 / 09.09.2020
17938
Жалақудуқ туманига янги ҳоким тайинланди

Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани ҳокими Фурқат Бузруков ишдан кетган.

Бугун, 9 сентябрь куни Халқ депутатлари Жалақудуқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди.

Унда Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва маъруза қилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессия қарорига кўра, туман ҳокими Фурқатжон Ғуломжонович Бузруков эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Ҳикматулло Абдулҳамидович Латипов Жалақудуқ тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

Ҳикматулло Латипов

Ҳикматулло Латипов 1976 йилда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. 1999 йилда Тошкент давлат университетини (бакалавр), 2001 йилда Ўзбекистон миллий университетини (магистратура), 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи-педагог, социолог, бизнес бошқарувчи.

У 2004-2013 йилларда Молия вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган, 2013-2015 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи бўлган, 2015-2017 йилларда Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Монополияга қарши ишларни тартибга солиш бош бошқармаси монополияга қарши ишларни тартибга солиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида меҳнат қилган, 2017 йилдан Ҳисоб палатасида фаолият юрита бошлаган, 2018 йил ноябридан буён Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва харажатларни таҳлил қилиш ахборот-таҳлил шўъбаси мудири сифатида ишлаб келаётганди. 

Эслатиб ўтамиз, Фурқат Бузруков 2020 йил февралидан буён Жалақудуқ туманига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фурқат Бузруков

Бугун кун давомида Андижон вилоятининг яна икки туманига янги раҳбарлар тайинланганди – Жалақудуқ ИИБ бошлиғи Мансурбек Алиханов Асака тумани ҳокими лавозимида, Андижон вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Аҳмадалиев Хўжаобод тумани ҳокими лавозимида иш бошлади.

Top