21:36 / 10.10.2020
18164
“AVTO IDEAL XIZMATI” мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тергови тамомланди

Жамият мансабдор шахслари ўз мижозларининг 8 млрд сўмдан ортиқ пул маблағларини ўз эхтиёжлари йўлида сарфлаб юборишган. Жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида, бошқа мижозларга етказиб берилган 24,6 млрд сўмлик 219 та автотранспорт воситаларига тақиқлар қўйилган ва хатланган.

Фото: Avto-Ideal-Xizmati

Тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, “AVTO IDEAL XIZMATI” МЧЖ мансабдор шахслари У.Нуриддинов, Қ.Рыхсиев ҳамда бошқа шахслар 2019 йил 11 октябрдан 2020 йил 29 февралга қадар автомашина турига қараб мижозлардан 10 млн сўмдан 80 млн сўмгача олдиндан тўловларни қабул қилиб, йиллик 5% тўлов эвазига 1 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга автомашина етказиб беришни ваъда қилган ҳолда, жами 1831 нафар фуқаролар билан умумий қиймати 148,4 млрд сўмлик транспорт воситасини етказиб бериш ҳақида шартномалар расмийлаштиришга эришган. Ушбу шартномалар доирасида жами 34,7 млрд сўм пул маблағларини жамият ҳисоб рақамига қабул қилишган. Олинган пул маблағларидан 24,6 млрд сўмини транспорт воситалари учун тўлов сифатида ўтказган бўлса, 8,1 млрд сўм пул маблағларини ўз манфаатлари йўлида сарфлашган.

Жамият билан мижозлар ўртасида жами 1831 дона шартномалар расмийлаштирилиб, фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида 219 нафар фуқароларга транспорт воситаси етказиб берилган. Жамият мансабдор шахслари томонидан пул маблағлари ўзлаштирилиши оқибатида 1612 нафар мижозлар олдидаги мажбуриятлар бажарилмаган.

Жиноят иши бўйича жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида, бошқа мижозларга етказиб берилган 24,6 млрд сўмлик 219 та автотранспорт воситаларига тақиқлар қўйилган ва хатланган.

Тергов давомида етказилган зарарни қоплаш мақсадида 602 млн сўм пул маблағлари хатланиб, депозит ҳисоб рақамига сақлаш учун топширилган.

2020 йил 05 октябрь куни У.Нуриддинов, Қ.Рихсиев ҳамда С.Усмановаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари билан айблов эълон қилиниб, дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланганлиги тарафларга эълон қилинган.

Ҳозирда жиноят ишини прокуратура органи орқали тегишли судловга ошириш чоралари кўрилмоқда, деб хабар бермоқда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.   

Эслатиб ўтамиз, «Avto-Ideal-Xizmati» масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Ангрен шаҳар бўлими томонидан жорий йилинг 17 март куни Жиноят кодексининг 192-11-моддаси иккинчи қисми «а» банд билан жиноят иши қўзғатилганди.

Кейинчалик жиноят иши Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а» бандига қайта малакаланиб, дастлабки тергов ҳаракатларини давом эттириш учун ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига юборилган.

Жиноят иши жорий йил 30 май куни Тергов департаменти иш юритувига олиниб шу куннинг ўзида К.Рыхсиев ва У.Нуриддиновлар ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланган ҳамда 1 июн куни тегишли суднинг ажрими билан эҳтиет чораси сифатида қамоққа олинган.

Top