20:12 / 21.10.2020
2159
Tesla Шанхайда йиғилган электромобилларини Европага экспорт қилишни режалаштиряпти

Американинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси ўзининг Шанхайдаги заводида йиғилган Model 3 электромобилларини Европага экспорт қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Син Хуа ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Tesla

Экспорт учун тайёрланган электромобилларнинг биринчи партияси келаси сешанба куни Шанхайдан Бельгиянинг Зебрюге портига жўнатилади. Ушбу электромобиллар Германия, Франция, Италия, Испания, Португалия ва Швецарияда сотувга чиқарилади.

«Шанхайдаги заводнинг ривожланган ишлаб чиқариш даражаси ҳамда ишлаб чиқариш занжирининг кучли устунлигига таянган ҳолда, [Хитойда йиғилаётган] Model 3 жаҳон бозорида ўзининг рақобатбардошлигини намойиш қилмоқда», – дейди Tesla’нинг Шанхайдаги заводи техник директори Сун Гана.

2019 йил декабрь ойида Хитой саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги Tesla Model 3 электромобилини давлат дотациясига таяниши мумкин бўлган энергиянинг янги манбаларида юрувчи автомобиллар рўйхатига киритган эди.

Tesla Model 3 бу – электр энергиясида ҳаракатланувчи 5 ўринли седан ҳисобланиб, ундаги захира қуввати 468 км масофани босиб ўтишга етади. Электромобилнинг энг юқори тезлиги 225 км/соат бўлиб, 100 км/соат тезликка чиқиши учун 5,6 сония кифоя қилади.

АҚШда ушбу моделнинг бошланғич нархи – 31,7 минг доллар бўлса, Германияда – 50 минг доллар ортиқроқ, Францияда – 58 минг доллардан ортиқ, Хитойда эса 36,8 минг доллардан бошланади.

Ҳозирча Шанхайдаги завод Tesla компаниясининг АҚШ ташқарисидаги ягона электромобиллар йиғувчи заводи ҳисобланади. Уни қуриш ҳақидаги келишув 2018 йилда имзоланган. Tesla ушбу заводда йиллик электромобиль ишлаб чиқариш ҳажмини 500 мингтага чиқармоқчи. Ушбу лойиҳа учун киритилган умумий инвестиция миқдори 7,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Top