16:13 / 31.10.2020
7858
Ёшлар ишлари агентлиги директорига ўринбосар тайинланди

Фаррух Омонов Ёшлар ишлари агентлиги директорининг  ўринбосари сифатида иш бошлади.

Фото: Фаррух Омонов

Агентлик матбуот хизмати раҳбари Нодир Абдуқодировнинг Kun.uz’га тасдиқлашича, Фаррух Фарходжонович Омонов ҳукуматнинг кеча, 30 октябрдаги қарори билан Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари этиб тайинланган.

Фаррух Омонов шу пайтга қадар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раисининг тадбиркорлик, ахборот технологиялари ва халқаро алоқалар бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Омоновнинг фейсбук саҳифасида унинг 1988 йилда туғилгани, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси битирувчиси эканлиги кўрсатилган. 

У бунга қадар Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасида ҳам қатор вазифаларда фаолият олиб борган. 

Фаррух Омонов Ёшлар ишлари агентлиги директорининг тартиб бўйича учинчи ўринбосари ҳисобланади. Президентнинг «Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорида кўрсатилган ташкилий тузилма бўйича агентлик директори Алишер Саъдуллаевга ҳали яна бир ўринбосар тайинланиши керак бўлади.

Top