22:42 / 22.11.2020
9529
«International Job Organization» ХБА раҳбари устидан суд бошланди. Жабрланувчилар 2600дан ортиқ

2620 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган, уларга етказилган зарар миқдори 18,5 миллиард сўмга яқин. Зарарнинг бор-йўғи 591 млн сўми қопланган.

«International Job Organization» хусусий бандлик агентлигининг мансабдор шахсларига оид жиноят иши бўйича тергов якунига етиб, иш жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига оширилди.

Компания мансабдор шахслари пул маблағларини ноқонуний жалб этиш, фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланмоқда. Бу ҳақда ЖИБ Шайхонтоҳур туман суди вакилига асосланиб, Kun.uz мухбири хабар берди.

Жиноят ишида 2620 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган ва уларга етказилган жами зарар миқдори 18 млрд 484 млн сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида етказилган зарарнинг бор-йўғи 591 млн сўми қопланган.

Компания раҳбари – 1993 йилда Қирғизистонда туғилган, фуқаролиги бўлмаган шахс – Абдураҳмонов Шерзод Абдулҳамидович жорий йил 10 июн куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

ХБА вакиллари Корея Республикаси ва Европа қитъасида жойлашган давлатларга ишга юборишни ваъда қилиб, фуқаролардан 45 млн сўмгача пул маблағларини олиб келган.

Top