21:51 / 24.11.2020
2686
Tesla капиталлашуви 500 миллиард доллардан ошди

АҚШнинг Tesla компанияси акциялари қимматлашиши ортида унинг капиталлашуви 500 млрд доллардан ошди. Бунинг натижасида компания раҳбари Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 2-ўринга кўтарилиб олди.   

Фото: TESLA MOTORS VIA REUTERS

Охирги маълумотларга кўра, Tesla акциялари 2,96 фоизга қимматлашиб, 537,31 долларга етган. Натижада компания капиталлашуви 509 млрд долларга етди. Компания акциялари Wedbush компанияси таҳлилчиси уларнинг нархи 1 минг долларгача етиши мумкинлигини айтгандан кейин қимматлаша бошлаган

Аввалроқ Tesla акциялари декабрда S&P 500 индексига киритилиши эълон қилинганди. Ноябр бошидан бери компания акциялари 38 фоизга, яъни 388 доллардан то ҳозирги қийматигача ошди. 

Бунинг натижасида Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхати Bloomberg Billionaires Index’да Microsoft асосчиси Билл Гейтсдан ўзиб, 2-ўринга кўтарилиб олди. Ҳозирда Маскнинг бойлиги 127,9 млрд долларга, Гейтсники эса 127,7 млрд долларга баҳоланмоқда.

Top