21:34 / 07.12.2020
6273
Танқиддан сўнг: Асоссиз депортацияга ҳукм қилинган аёлнинг ҳуқуқлари Олий судда тикланди

Шу йилнинг 1 июль куни Kun.uz «Терминал» фильмининг ўзбекча талқини ёхуд мантиқсизлик маҳкумаси» сарлавҳали мақола эълон қилган эди. Унда суднинг тушунарсиз қарори натижасида аросатда қолаётган аёл тақдири ҳикоя қилинганди.

Мақола қаҳрамониҚарши шаҳрида яшовчи Интизор Мамадалиева Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2013 йил 18 январдаги ҳукмига кўра, фуқаролик паспортини ноқонуний тарзда қўлга киритган деб топилиб, уни Ўзбекистондан Қирғизистонга депортация қилиш белгиланади.

И.Мамадалиеванинг суд ҳукмига апелляция тартибида киритган шикояти вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб (2013 йил 26 февраль), суд ҳукми ўзгартиришсиз қолдирилади.

Депортация чораси белгиланишининг мантиқсизлиги шунда эдики, И.Мамадалиева Қирғизистон Республикаси фуқароси ҳисобланмас эди. Бунинг оқибатида И.Мамадалиева на Қирғизистонга депортация қилинади ва на фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида яшаш гувоҳномасига эга бўлади.

Суд томонидан атрофлича ўрганилмай белгиланган мазкур чора туфайли Ўзбекистон фуқаросининг рафиқаси ва уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг онаси бўлган И.Мамадалиева мана шундай аросатда қолиб келаётган эди.

Орадан йиллар ўтиб, И.Мамадалиеванинг депортация чорасини бекор қилишни сўраб назорат тартибида Олий судга йўллаган бир қатор шикоятлари суд қарорларини назорат тартибида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги важи билан рад этиб келинди.

Ниҳоят, И.Мамадалиеванинг ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорларидаги депортацияга оид қисмини бекор қилишни сўраб йўллаган навбатдаги шикояти Олий судда назорат тартибида кўриб чиқилди.

Мазкур иш бўйича Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 1 декабрь куни чиқарган ажримига биноан И.Мамадалиевага нисбатан чиқарилган ЖИБ Қарши шаҳар судининг 2013 йил 18 январдаги ҳукми ва ЖИБ Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2013 йил 26 февралдаги ажрими ўзгартирилиб, мазкур суд ҳужжатларидаги И.Мамадалиеванинг Қарши шаҳар ИИБ органи томонидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юборилишини белгилашга оид қисмлари бекор қилинди.

«Суд И.Мамадалиеванинг айби исботлангани ҳақида асосли хулосага келиб, уни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш (депортация)ни белгилаб хатога йўл қўйган», – дейилади Олий суд ажримида.

Эндиликда, И.Мамадалиева фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлиши, ўз оиласи бағрида хотиржам яшаши мумкин.

Top