13:59 / 21.12.2020
16332
Тошкентда киракаш босқинчилар ушланди

Тошкент шаҳрида 23 ёшли А.У. жиноий шериклари, 25 ёшли С.О. ва 34 ёшли Н.К. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ушбу гуруҳга раҳбарлик қилиб жиноят содир этган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда. 

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 4 декабр куни соат 23:30да у жиноий шериги Н.К. бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашинада Учтепа туман 23-мавзеси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтида, йўл ёқасида такси тўхтатиб турган 31 ёшли С.Х.ни Яшнобод туман Қўйлиқ бозорига олиб бориб қўйишга келишган.

Қайд этилишича, бу шахслар С.Х.ни автомашинага миндиргандан кейин у маст ҳолатда эканлигини билиб, унинг автомашина ичида ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, одамлар қатнови кам бўлган Сергели туман Тошкент ҳалқа автомобил йўли Паст Дарғом маҳалласида жойлашган метро қурилиши олиб борилаётган ҳудуддаги қоронғи жойга олиб боришган.

Маълум қилинишича, улар гўёки А.У. жиноий шериги С.О. билан ўзаро тортишиб қолиб, ўртадаги келишмовчиликни ҳал этиш ҳолатини саҳналаштириб, автомашинадан тушгандан кейин жиноий шериги Н.К. фуқаро С.Х.га “улар жанжаллашиб қолишди, юринг ажратиб қўяйлик, ёрдам бериб юборинг” деб, уни ҳам автомашинадан туширган.

Н.К. С.Х.нинг орқасидан келиб, қасддан унга ҳужум қилиб, ўнг чап юзига мушти билан уриб ерга йиқитиб, уриб-дўппослаб, уни юзи билан ерга қараган ҳолатда ётқизиб, қўлини орқасига қайириб, шимининг орқа чўнтагидан 350 минг сўм пуллари, 800 000 сўмлик “Samsung J-5” русумли уяли телефон аппарати, қўлидаги баҳоси 3 млн. сўмлик эркаклар тилло узуги, эгнидаги 320 000 сўмлик курткасини ҳамда унинг чўнтагидаги 850 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Суд-тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро С.Х.га “енгил” тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.У., С.О. ва Н.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “б” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида А.У., С.О. ва Н.К. жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Top