09:00 / 28.12.2020
4184
«Навоий дон маҳсулотлари» АЖ: соҳага янгича, ноанъанавий ёндашув ривожланишга хизмат қилмоқда
Фото: Навоий дон маҳсулотлари

«Навоий дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти ўз йўналиши бўйича юртимиздаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Айтиш мумкинки, жамиятда ҳозирги кунда соҳага ўзига хос ёндашадиган, янгиликларни қабул қила оладиган салоҳиятли жамоа шаклланган.

«Навоий дон маҳсулотлари» АЖ тасарруфида иккита ун ишлаб чиқариш тегирмони, омихта ем ишлаб чиқариш цехи, иккита элеватор (дон омборлари), иккита уруғлик саралаш цехи, учта дон қабул қилиш шохобчаси, еттита замонавий новвойхона, ёрдамчи хўжалик ва тўртта ёпиқ сиғим ишлаб турибди.

Жамиятда 475 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.

2014 йилда тасдиқланган дастурга асосан Туркиянинг «Макина в Энержи» компанияси билан тегирмон жиҳозлари сотиб олиш бўйича шартнома тузилди. Натижада, жамиятнинг иккита тегирмони суткасига 300 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга дастгоҳлар билан тўлиқ қайта модернизация қилинди.

Қурилиш ишларида жамиятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган ишчи ва мутахассис ходимларнинг меҳнатидан фойдаланилиб, четдан ишчи кучи жалб этмаган ҳолда, эски тегирмон дастгоҳлари олиб ташланди. Бино 2015 йилнинг май ойида тўлиқ қайта таъмирланди. Туркия давлатидан келтирилган дастгоҳлар модернизацияси 2015 йилнинг октябр ойида қисқа муддатларда тугатилиб, ноябр ойидан ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Ушбу тегирмоннинг қурилиш лойиҳа қиймати 1 миллиард 961 миллион сўм этиб белгиланганди. Аҳамиятли томони, жамиятнинг ўз иш кучи ва эски тегирмон қурилиш ашёларидан фойдаланилгани сабабли 511 миллион сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.

Эски технологияда 1 тонна ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 160 киловатт электр энергияси сарфланар эди. Модернизациядан сўнг 1 тонна ун ишлаб чиқариш учун 95 киловатт электр энергияси сарфланмоқда.

Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати яхшиланиб, халқимиз дастурхонига юқори сифатли ун ва ун маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

АЖ бугунги кунда вилоятдаги чорва билан шуғулланаётган тадбиркорларга биржа савдолари орқали доимий омихта ем маҳсулотлари етказиб бермоқда.

Дон корхоналари томонидан балиқ, парранда ва чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган дастурга асосан экструдирланган замонавий омихта ем ишлаб чиқариш цехи қурилиб, ишга туширилди.

Хитой давлатининг Чанчжоу шаҳридаги «Jiansu YONGLI Machineru Co.,Ltd» компаниясига тегишли ускуна келтирилди. Ушбу ускуна соатига 10 тонна гранулланган ем ишлаб чиқариш қувватига эга.

Жамият таркибида иккита уруғ саралаш цехи фаолият кўрсатмоқда. Улар Германиянинг «Петкус» компанияси дон саралаш ускунаси билан жиҳозланган.

Биринчи уруғчилик цехи 120 тонна ва иккинчи уруғчилик цехи 240 тонна уруғлик буғдойни қайта ишлаш қувватига эга.

Уруғчилик цехларида қайта ишланаётган уруғлик буғдой ҳар йили келгуси йил ҳосили учун вилоят ғаллачилик хўжаликларига етказиб берилмоқда.

2020 йилда уруғчилик цехларимизга жами 9705 тонна уруғлик дон, 73637 тонна товар дон қабул қилинди.

2021 йил ғалла ҳосили учун вилоятдаги ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларига тақсимот асосида уруғлик дон етказиб берилди.

Туманларда жойлашган дон қабул қилиш шохобчаларидан қабул қилинган буғдойни ташиш харажатларини камайтириш мақсадида жамиятга 7 та тиркамали, 2 та ўзи ағдаргич, катта юк кўтариш қувватига эга MAN русумли транспорт воситалари, 2 дона фронтал юкловчи махсус транспорт (погрузчик) ва «Исузи» русумли замонавий махсус ўт ўчириш транспорт воситаси сотиб олинган.

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси топшириғига асосан, барча ишлаб чиқариладиган ва қабул қилинадиган маҳсулотларни ўлчаш учун жамият бош корхонасида, Хатирчи, Навбаҳор, Конимех туманларидаги дон қабул қилиш шохобчаларида ва иккинчи уруғчилик цехида замонавий электрон тарозилар ўрнатилган.

Ҳозирги кунда давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган буғдойни очиқ майдонлардан ёғин-сочинга қолдирмай, қисқа муддатларда ёпиқ сиғимларга киритиш мақсадида жамият ҳудудида битта 10 минг тонналик, иккита 5 минг тонналик ва битта 3 минг тонналик ёпиқ сиғимлар мавжуд.

Жамиятда ишлаб чиқарилаётган ва қабул қилинадиган маҳсулотларни мунтазам таҳлил қилиб бориш учун марказий таҳлилхона янги замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Жамият ишчи-хизматчиларини соғломлаштириш мақсадида корхона ҳудудида спорт-соғломлаштириш маркази, замонавий кўринишдаги футбол ўйингоҳи ишга туширилди. Бундан ташқари, иссиқхона, лимонарий, гуллар-оранжереяси, ёзги айвонлар ва уларнинг ёнида манзарали шаршаралар барпо этилган. Жамиятнинг ташқи ва ички ҳудудлари тўлиқ ободонлаштирилиб, манзарали дарахт ва гуллар экилган.

Юқоридаги қулайликларнинг барчаси, аввало, халқимизга сифатли ун ва ун маҳсулотларини етказиб беришга хизмат қилиш баробарида, ишчи-ходимларимизнинг ҳам ўз ишига сидқидилдан ёндашиши, самарали меҳнат қилишига замин яратмоқда.

«Навоий дон маҳсулотлари» акциядорлик жамияти

Top