08:03 / 31.12.2020
6171
АнДУ докторанти докторлик диссертациясини муддатдан аввал ҳимоя қилгани учун 112 млн сўм рағбатлантириш олди

Беҳзодбек Сирожидинов 2020 йил январ ойида ботаника ихтисослиги бўйича докторантурага қабул қилинган, деб хабар бермоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги.

У жорий йилнинг ноябр ойида ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ҳузуридаги биология фанлари бўйича фан доктори илмий даражаларини берувчи илмий кенгаш навбатдаги йиғилишида «Ғўза навларининг генотипларини бойитишда турли геномли турлардан фойдаланиш» мавзусида биология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган диссертация ишини ҳимоя қилди.

Қайд этилишича, ёш олим Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 696-сон қарори 16-бандига мувофиқ, ўқиш муддати тамом бўлишидан 2 йил олдин докторлик диссертациясини (DSc) ҳимоя қилгани учун 112 млн сўм миқдорида рағбатлантирилди.

Беҳзодбек Сирожидинов 2017 йилда биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини, 2020 йилда доцент илмий унвонини олган. У шу вақтга қадар илмий-тадқиқот ишларига доир 2та монография, 1та ўқув ҳамда 3та услубий қўлланма, 80дан ортиқ илмий мақола ва тезислар чоп эттирган, 1та патент гувоҳномаси мавжуд. «Ғалаба» номли янги пахта навини яратган.

Ёш тадқиқотчи илмий ишининг аҳамияти шундаки, ғўза генофондида мавжуд бўлган ёввойи турлар асосида янги, генетик жиҳатдан бойитилган интерогрессив дурагай шакллар олишга эришган. Бу ғўза зараркунандаларга қарши ўзининг табиий «иммунитет»ига эга бўлишини таъминлайди ва пахта ёғи таркибидаги энг зарарли модда ҳисобланмиш госсиполнинг миқдорини камайтириш имконини беради.

Top