17:03 / 16.01.2021
29474
«Хорижда 80 минг доллар грант ютиб, Ўзбекистонда таҳсил олишни афзал кўрдим» – президент элчихонада амалиёт ўташ имкониятини берган талаба билан суҳбат

Гулрухбону Шокирова 17 ёшда. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети халқаро иқтисодиёт ва менежмент йўналишида 1-босқичда таҳсил олмоқда.

Гулрухбону 15 январ куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Юнусобод тумани фаоллари билан ўтказилган учрашувида иштирок этди ва илгари сурган таклифи учун Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида амалиёт ўташ имкониятини қўлга киритди.

Қизиқарли жиҳати, Гулрухбону мактабни тамомлагач, олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрланиб, маҳаллий ва хорижий – жами 43та олийгоҳга қабул қилинади. Булар сирасида жаҳоннинг топ-500лигига кирувчи олийгоҳлар бўлса-да, у Ўзбекистонда таҳсил олишни маъқул кўрди.

Kun.uz мухбири нуфузли олийгоҳларга кириш жараёни қандай кечгани ва давлат раҳбарига билдирган таклифи бўйича Гулрухбону билан суҳбатлашди.

“Манаман деган университетлардан таклиф келган бўлса ҳам ўз ватанимда қолишни истадим”

Юнусобод туманидаги 250-мактабни олтин медал билан тамомлаганман. Мактабда ўқиш давомида она тили ва адабиёт фанларидан олимпиадаларда, шеър, иншо ёзиш бўйича танловларда қатнашиб, шаҳар ва республика босқичларида фахрли ўринларни қўлга киритганман.

Мактабни битиргандан сўнг олий таълим муассасаларига ўз ҳужжатларимни топширишга тайёргарлик кўра бошладим ва 43та олийгоҳга ўқишга қабул қилиндим. Уларнинг 16таси Ўзбекистонда, қолганлари дунёнинг бошқа мамлакатларида, хусусан, Буюк Британия, АҚШ, Польша, Канада, Австралия каби давлатларда жойлашган. Мен ўқишга қабул қилинган олийгоҳларнинг аксарияти дунёнинг топ-500талигига кирувчи университетлар ҳисобланади. Жумладан, Бредфорд (Англия), Манчестер (Англия), Канада Уэст (Канада), Вистула (Польша), Чарльз Старт (Австралия), Флорида технология институти (АҚШ), Торонто (Канада) университетлари. Канада Уэст университетида эса 80 минг доллар миқдорида грант ютиб олдим.

АҚШ ва Британия олийгоҳларига ҳужжат топшириш учун commonapp.org ва ucas.com платформаларидан фойдаландим. Яхши натижага эришишимдаги энг муҳим омил инглиз тилини билиш кўникмаларини баҳолаш тизими – IELTS’дан 7 баллга эгалигим бўлди. Чунки инглиз тилини билиш кўрсаткичи қанча юқори бўлса, хорижий олийгоҳга қабул қилиниш эҳтимоли ҳам шунчалик ортади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги хорижий олийгоҳлар филиаллари – Вестминстер, Амити, Шаржа, Ёджу, Британия менежменти каби университетларга ҳам онлайн имтиҳон орқали қабул қилиндим. Бундан ташқари, Давлат тест маркази томонидан ўтказилган миллий кириш тест синовларида қатнашиб, энг юқори - 189 баллни қўлга киритдим, танлаган олийгоҳларимнинг бештасига ҳам давлат гранти асосида талабликка тавсия этилдим.

Таҳсил олиш учун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини танладим. Бунга сабаб, манаман деган университетлардан таклиф келган бўлса ҳам, ўз ватанимда қолишни истадим. Чунки Ўзбекистонда ҳам ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан унумли фойдаланиб, келажакда халқаро тоифадаги иқтисодчи бўлишни истайман.

Олий таълимга кириш тараддудидаги ёшларга маслаҳатим – илм олишдан тўхташмасин, дарс қилиш учун тунларни бедор ўтказишга ҳам рози бўлиш керак. Шундагина меҳнатнинг маҳсули кўринади.

Ўзим ҳам ўқишга кириш учун тайёргарлик мобайнида дам олишга, овқатланишга вақтим бўлмаган кунлар бўлди. Бир қўшимча дарсдан кела солиб, бошқасига борардим, кечаси 2-3гача дарс қилардим. Шунинг орқасидан ҳозирги ютуқларимга эришдим.

“Жамиятда қизларнинг ўрни йўқ дейдиганлар адашганини исботлаймиз”

Бизнинг оилада қиз боланинг таълим олишига катта эътибор қаратилган. Ота-онам таҳсил олишим учун барча шароитни яратиб беришди. “Бизнинг давримизда ҳозирги шароитлар йўқ эди, хорижда ўқишни хаёл ҳам қила олмасдик, имкониятларингдан фойдалан”, деб қўллаб-қувватлашди, қандай қийинчилик бўлса ҳам сен енгиб ўта оласан, ишонамиз, деб далда беришди.

Қиз боланинг илм олиши, ишлаши жамиятда ўз ўрнини топа олиши учун ҳам муҳим. Уларда ҳам ўқиш, ишлаш ҳуқуқи ва имконияти бор.

Яқинда университетимиз битирувчиси Феруза Маҳмудованинг Ўзбекистон яқин тарихида илк бор аёл элчи сифатида Исроилга тайинлангани бизга ҳам фахр, ҳам масъулият ҳиссини бағишлади. Демак, аёлларнинг ҳатто халқаро дипломатияда ҳам роли бор.

Бизнинг ҳам мақсадларимиз ҳеч бир эркакникидан қолишмайди. Биз ҳали жамиятда қизларнинг ўрни йўқ дейдиганларга нималарга қодирлигимизни кўрсатиб қўямиз.

“Президент берган имконият мени жуда руҳлантирди”

Давлатимиз раҳбарининг 25 декабр куни ёшлар форуми доирасида, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай кеча яна ёшлар билан учрашганлари, ўртада эркин мулоқотнинг бўлгани тарихий воқеа, назаримда.

Мен учрашув давомида университетимиз талабалари амалиётни Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналарида ўташларига имкон берилишини таклиф қилдим. Чунки бу талабаларнинг дипломатик салоҳиятини юксалтиришга ёрдам беради. Таклифим президент томонидан қўллаб-қувватланди ва менга Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида амалиёт ўташ имконияти берилди. Бу имконият, давлат раҳбарининг “Мен сиз билан худди ўз қизимдек фахрланаман”, деган сўзлари мени жуда руҳлантирди.

Top