22:02 / 02.02.2021
18919
Аунг Сан Суу Ки. У қандай қилиб эркинлик куйчисига айланган, аммо кейин Ғарбга хуш келмай қолганди?

1 феврал тонгида ҳарбийлар Мянмада (бу давлат Бирма номи билан танилган) ҳокимиятни қўлга олишди ва мамлакатнинг амалдаги етакчиси Аунг Сан Суу Ки, президент Вин Мьин ва бошқа юқори мартабали амалдорлар қамоққа ташланди.

GETTY IMAGES/BBC

Ўтган йил ноябрида ўтказилган сайловларда Аунг Сан Суу Ки бошчилигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси ҳукуматни мустақил шакллантириш учун етарли бўлган миқдорда овоз олганди. Генераллар эса сайловлар натижаларини сохталаштирилган деб топишди. Янги парламентнинг биринчи сессияси айнан душанба куни бошланиши керак эди, аммо армия депутатларга иш бошлаш имконини бермади ва ҳокимият мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Мин Аунг Ҳлаинг қўлига ўтгани эълон қилинди.

Ҳарбийларга тегишли бўлган телеканал мамлакатда бир йил муддатга ҳарбий ҳолат жорий қилинганини маълум қилди. Аунг Сан Суу Ки ўз тарафдорларини «буни қабул қилмаслик»ка ва «давлат тўнтаришига қарши чиқиш»га чорлашга улгурганди.

Кўпчилик учун Бирма номи билан танилган Мянма ўнлаб йиллар мобайнида ҳарбийлар томонидан бошқарилган ва 2011 йилда бу ерда демократик ислоҳотлар бошланган.

2015 йилда Мянмада сўнгги 25 йилликда илк бор эркин сайловлар ўтказилади, унда Аунг Сан Суу Ки мутлақ ғалабага эришади, аммо фарзандлари хорижий давлат фуқаролигига эга бўлгани туфайли президентлик лавозимини эгаллай олмайди.

У демократия иконаси ҳисобланган, шафқатсиз генералларга қарши очиқ курашгани учун кўп йиллар мобайнида уй қамоғида сақланган. У ҳамон асосий қисми буддизм динига эътиқод қиладиган Мянма аҳолиси орасида катта нуфузга эга.

Аммо ташқи дунёда унинг обрўси мусулмон роҳингяларга нисбатан тутган позицияси туфайли кескин ёмонлашиб кетади.

Юқорига йўл
1989 йилдан 2010 йилгача Аунг Сан Суу Ки жами 15 йилни уй қамоғида ўтказган, ҳарбийлар унга мамлакатдан қайтиш ҳуқуқисиз чиқиб кетишни таклиф қилишган, аммо у кетишдан бош тортган. 1991 йилда у тинчлик йўналишида Нобел мукофотига сазовор деб топилган.

Барак Обама бошқаруви даврида АҚШ Бирмага санкцияларни бекор қилган, бу вақтда у ерда демократик ислоҳотлар бошланганди / AFP

Аунг Сан Суу Кининг демократия ва инсон ҳуқуқлари учун кураши уни дунё бўйлаб зулмга тинч йўл билан курашнинг рамзи сифатида машҳур қилган.

Ҳозирда у 75 ёшда. Унинг лавозими «давлат маслаҳатчиси», аммо барча уни норасмий давлат раҳбари сифатида кўради. Президент Мин Мьин унинг содиқ ва яқин сафдоши ҳисобланади.

«Бефарқ бўлолмадим»
Аунг Сан Суу Ки - мустамлакачиликка қарши курашган қаҳрамон генерал Аунг Саннинг қизи бўлган. 1948 йили Бирманинг Буюк Британиядан мустақиллиги учун кураш вақтида отаси ўлдирилганида у икки ёшда эди.

1960 йилда у Мянманинг Деҳлидаги элчиси этиб тайинланган онаси билан бирга Ҳиндистонга йўл олади. Тўрт йил ўтиб Оксфорд университетига ўқишга киради ва бу ерда фалсафа, иқтисодиёт ва сиёсий фанларни ўрганади. Ўша ерда бўлажак турмуш ўртоғи, британиялик олим Майкл Арис билан танишади.

Бир муддат Япония ва Бутанда яшаганидан сўнг у турмуш ўртоғи билан Бирлашган Қиролликда доимий яшай бошлайди ва икки фарзанд - Александр ва Ким исмли ўғилларни тарбиялайди. Шу билан бирга, у Мянма ҳақида ҳеч қачон унутмаганини айтади.

Аунг Сан Суу Ки турмуш ўртоғи Майкл Арис ва ўғли Александр билан. 1973 йил, Лондон
ARIS FAMILY COLLECTION/GETTY IMAGES

Аунг Сан Суу Ки 1988 йилда оғир бемор бўлган онасига қараш учун Рангунга (ҳозирги Янгон) қайтади, бу маҳалда мамлакатда сиёсий нотинч вазият ҳукм сурарди.

Минглаб талабалар, давлат хизматчилари ва будда монахлари кўчаларга чиқиб, демократия талаб қила бошлашганди.

«Отам қизи сифатида бўлаётган воқеаларга нисбатан бефарқ бўлолмайман», дейди у 1988 йил 26 августида Рангундаги митингда. У ўшанда ҳарбий ҳукмдор, генерал Не Винга қарши чиқишга раҳбарлик қилади.

Уй қамоғи
Маҳатма Ганди ва Мартин Лютер Кингнинг куч ишлатишсиз қаршилик кўрсатиш услубидан илҳомланган Аунг Сан Суу Ки мамлакат бўйлаб тўхтовсиз сафарларга чиқади ва ҳаммаёқда митинглар ўтказиб, ислоҳотлар ва эркин сайловлар талаб қилади.

2010 йилда Аунг Сан Суу Ки уй қамоғидан озод этилади / AFP

Аммо намойишлар 1988 йил 18 сентябрида давлат тўнтариши амалга оширган армия томонидан куч билан бостирилади. Кейинги йили эса Аунг Сан Суу Ки уй қамоғига ташланади.

1990 йил майида ҳарбий ҳукумат сайловлар ўтказади ва унда Аунг Сан Суу Кининг тарафдорлари сезиларли устунлик билан ғалаба қилишади, аммо хунта сайлов натижаларини тан олишдан бош тортади.

1995 йил июлида Аунг Сан Суу Ки уй қамоғидан озод этилади, аммо у пойтахтни тарк этишга қўйилган тақиқни бузиб, Мандалай шаҳрига боргани туфайли 2000-йилларда яна қамоққа ташланади.

2002 йил майида уни яна озод қилишади, унинг тарафдорлари ва ҳукуматга мойил бўлган гуруҳ ўртасидаги тўқнашувлардан кейин яна ҳибсга олинади.

Аунг Сан Суу Ки ўз уйида яшашда давом этади, аммо уйни қаттиқ қўриқлашади. Дастлабки бир неча йилда у тўлиқ изоляция шароитида бўлади, кейин аҳён-аҳёнда партиядошлари ва хорижий дипломатлар билан учрашиш имконига эга бўлади. Унинг олдига фарзандлари ва турмуш ўртоғи киришига рухсат берилган, турмуш ўртоғи 1999 йил мартида Британияда саратондан вафот этади.

Ҳукуматдаги ҳарбийлар Аунг Сан Суу Кига у билан хайрлашиш учун боришни таклиф қилишади. Аммо у ортга қайта олмаслигидан қўрқиб, бу таклифни қабул қилмайди.

Сиёсатга қайтиш
Аунг Сан Суу Кига 2010 йил ноябридаги сайловларда иштирок этиши учун рухсат беришмайди, аммо сайлов кунидан олти кун ўтиб у уй қамоғидан озод қилинади. Тез орада ўғли Ким унинг олдига боришга муваффақ бўлади.

2015 йилда Аунг Сан Суу Кининг партияси сайловларда ғалаба қозонади / GETTY IMAGES

Ҳукумат ислоҳотлар амалга оширишни бошлаганида Аунг Сан Суу Ки ва унинг партияси сиёсий жараёнларга қўшилади.

2012 йил апрелида бўлиб ўтган оралиқ сайловларда, «Демократия учун миллий лига» 45 парламент мандатидан 43тасини қўлга киритади. Аунг Сан Суу Ки депутатликка сайланиб, мухолифат етакчисига айланади.

2013 йил майида у 24 йил ичида илк бор мамлакат чегараларидан ташқарига чиқади.

Роҳингялар инқирози
Давлат маслаҳатчиси бўлган Аунг Сан Суу Ки роҳингялар муаммосига тўқнаш келади - Мянманинг Ракҳайн (Аракан) штатида яшовчи, бенгал тилига яқин лаҳжада сўзлашувчи мусулмон роҳингялар буддизмга эътиқод қилувчи кўпчиликнинг таъқибига учрайди.

Бангладешга қочган роҳингялар

2017 йилда «Аракан роҳингялари халоскорлари армияси» айирмачилари бир неча полиция участкаларига ҳужум қилади. Мянма армияси бунга қатағон билан жавоб қайтаради, халқаро ҳуқуқ фаоллари бу жавоб ҳаддан ташқари бешафқат бўлган деб ҳисоблашади. Минглаб роҳингялар қўшни Бангладешга қочиб ўтишга мажбур бўлишади.

Гаагадаги БМТ халқаро суди ҳозирда Мянмани геноцидда айблаш бўйича ишни кўриб чиқмоқда, Халқаро жиноий суд эса инсониятга қарши жиноят ҳақидаги маълумотларни текширмоқда.

Аунг Сан Суу Кининг хориждаги собиқ тарафдорлари эндиликда қотиллик ва зўрликларни тўхтатиш учун ҳеч нарса қилмагани, мянмалик ҳарбийларнинг ваҳшийликларини қораламагани ва кенг кўламли фожиани тан олмагани учун уни айблашмоқда.

Айримлар, у мураккаб тарихга эга бўлган кўп миллатли мамлакатни бошқаришига тўғри келган прагматик сиёсатчи сифатида шундай йўл тутишга мажбур бўлганини қайд этишган.

Аммо ўтган йили БМТ Халқаро судида Мянма армиясини ҳимоя қилишдаги шахсий иштироки унинг халқаро майдондаги обрўсини бутунлай йўққа чиқарувчи ҳал қилувчи бурилиш бўлди.

Аммо «Леди» ватанида кўпчиликни ташкил қилувчи, роҳингяларга душман бўлган буддистлар орасидаги мавқейини сақлаб қолган.

Ҳарбийлар пойтахтдаги йўлларни тўсиб қўйишган

Божхона ислоҳотлари
Аунг Сан Суу Ки ва унинг партияси журналистлар ва сиёсий мухолифлар таъқиб қилингани (бунда мустамлакачилик даврида қабул қилинган қонунлар қўлланган) учун ҳам танқидга учраган.

Айрим соҳаларда тараққиёт кўзга ташланса-да, ҳарбийлар парламентдаги ўринларнинг тўртдан бир қисмини автоматик равишда эгаллаши давом этди, улар куч ишлатар тузилмаларни, шу жумладан, мудофаа вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ва чегара хизматини назорат қилишади.

2018 йил августида Аунг Сан Суу Ки ҳукуматдаги генералларни «жуда меҳрибон одамлар» дея таърифлаганди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, мамлакатнинг тўлақонли демократияга ўтиш жараёни тўхтаб қолди. «Ҳарбийларнинг сўнгги ҳаракатлари мулоҳазасиз қилинган ҳаракатдек кўринмоқда ва бу Мьянмани хавфли йўлга бошламоқда», дейди BBC’нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича корреспонденти Жонатан Ҳэд.

Мьянмада Covid-19 билан боғлиқ вазият минтақадаги энг оғир ҳолатлардан бири. Соғлиқни сақлаш тизими молиялаштирилиши ўлда-жўлда, карантин кўплаб оилаларни даромадсиз қолдирган.

Аммо Аунг Сан Суу Ки халқ орасидаги нуфузини сақлаб қолган. 2020 йилда ўтказилган сўровларга кўра, унга мамлакат аҳолисининг 79 фоизи ишонч билдирган ва бу бир йил олдингига нисбатан 9 фоизга кўпроқ.

«Аунг Сан Суу Кининг тарихи нафақат у ҳақда, балки биз ҳақимизда ҳам. Мен у ўзгарган деб ўйламайман. Ҳамиша унга эргашишган, биз эса унинг шахсиятидаги мураккабликларни илғамаганмиз. Кимнидир иконага айлантиришдан олдин яхшилаб ўйлаш керак», дейди BBC билан суҳбатда Американинг  Мянмадаги собиқ элчиси Дерек Митчелл.

Мавзу
Мянмада ҳарбийлар исёни
1 феврал куни Мянмада ҳарбийлар мамлакатнинг амалдаги раҳбари Аунг Сан Суу Кйини ҳибсга олиб, ҳокимият армия бош қўмондони Мин Ауинг Ҳлаингга ўтганини, бир йил давомида фавқулодда ҳолат режими амалда бўлишини эълон қилишди.
Барчаси
Top