15:24 / 16.02.2021
2708
Сервер Османов Самарқанд вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти этиб тайинланди

Бугун, 16 февраль куни «Динамо» марказий стадиони матбуот анжуманлар залида ЎФА раҳбарияти аъзолари, Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят спорт бошқармаси раҳбари ва футбол жамоатчилиги иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги «Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган йиғилишда, қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда қандай ишлар бажарилгани, Самарқандда футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қандай чоралар қўлланилаётгани ҳақида гап борди.

Бу борада вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуруллаев, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти маслаҳатчиси Раҳмиддин Зикриёев, вилоят спорт бошқармаси раҳбари Шуҳрат Рўзиев ва футбол фахрийлари ўз фикрларини билдиришди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Бунга қадар кўп йилларда буён «Динамо» спорт жамияти Самарқанд вилоят кенгаши ҳамда «Динамо» марказий стадиони раҳбари сифатида фаолият юритиб келган Сервер Осмонов Самарқанд вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти этиб тайинланди. ЎФА вакиллари янги раҳбарга ишонч билдириб, ҳудудий федерацияга зарур техник анжомларни топширишди. 

«Аввало, билдирилган ишонч учун Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов ва ЎФА раҳбариятига, хусусан Раҳмиддин Эгамбердиевичга миннатдорчилик билдираман. Бу жуда масъулиятли вазифа эканлигини яхши англаб турибман. Энг аввало, катта тарих ва ўз анъаналарига эга бўлган Самарқанд футболининг аввалги шон-шуҳратини тиклашимиз керак. Буни нафақат биз, барча мухлислар ҳам кутмоқда. Кўҳна шаҳримиз ва вилоят бўйлаб футбол ўйини ҳар бир маҳаллагача кириб бориши шарт. Миллионлар ўйини номига яраша – барча футбол билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиши лозим», - дейди Сервер Османов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Top