20:36 / 16.02.2021
3660
«Йилига элликка яқин ҳарбий хизматчилар Ялта ва Кисловодскда бепул даволанмоқда» – вазирлик

Тиббий хизмат полковниги Носир Фозиловнинг айтишича, ҳар йили элликка яқин ҳарбий хизматчилар ёки уларнинг оила аъзолари Россия Федерациясининг Ялта ҳамда Кисловодск шаҳарларидаги санаторийларда даволанмоқда. Мулозим барча харажатлар вазирлик томонидан қопланаётганини маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 25 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга асосан ҳарбий хизматчиларимиз оила аъзолари билан даволаниш билан биргаликда йилда бир марта вазирлик тасарруфидаги иккита санаторийда ҳордиқ чиқариши мумкин. Шу билан биргаликда, сўнгги икки йилда шу нарса йўлга қўйилдики, Россия Федерациясида жойлашган Ялта ҳамда Кисловодск санаторийларга йилига элликка яқин ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини жўнатяпмиз.

Агар ҳарбий хизматчи ўзи боролмасдан ота-онасини юборишни истаса, унга ҳам тўсқинлик бўлгани йўқ. Улар Ялта ҳамда Кисловодск шаҳарларига бориб, санаторийларда 10-14 кун давомида даволаниб келишмоқда. Буларнинг ҳаммаси Мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбий хизматчиларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида бепул таъминлаб берилмоқда», дея Носир Фозиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У Ялта ва Кисловодск санаторийларига юбориладиган ҳарбий хизматчилар қайси мезонлар асосида сараланишига тўхталиб ўтди.

«Ҳарбий қисм командирлари ёки муассаса бошлиқлари ўзлари билган, яъни яхши хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари фамилияларини беришади ва вазирликда Ялта ва Кисловодск санаторийларида даволаниш учун юбориладиган шахсларнинг рўйхати тузилади. Мазкур рўйхатга асосан йил давомида ҳарбий хизматчилар Ялта ҳамда Кисловодск санаторийларига юборилади. Бу ерда ҳеч қандай мезонлар белгиланмаган. Ҳарбий хизматчи, авваламбор, хизматини яхши олиб борган бўлса, хизмати давомида бирор қўпол қонунбузилишларга йўл қўймаган бўлса, у сержантми, офицерми, катта офицерми, генералми, ушбу санаторийларга бориш ҳуқуқига эга», дейди Носир Фозилов.

Шунингдек, мутасадди ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий тиббий муассасаларда даволанаётган пайтда ташхис қўйиш, мураккаб операцияларни амалга оширишнинг имкони бўлмаса, беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш муассасалари билан шартнома асосида ётқизилиб, бепул даволанаётгани, харажатлар вазирлик томонидан қоплаб берилаётганини таъкидлади.

Top