21:42 / 28.02.2021
10192
Ички саёҳатларга субсидиялар бериш тартиби ва маҳаллий туристик йиғим миқдори тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ички саёҳатларга 50 фоизгача субсидиялар бериш тартиби ва жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик йиғимнинг миқдори тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2021 йил 9 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси президенти фармонида белгиланган имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиш тартиби ҳамда жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик йиғимнинг миқдори тасдиқланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, янги жорий этилаётган авиақатновларга чипталар 25 фоиз арзон сотилиб, ушбу чипта туроператорлар орқали харид қилинса яна 15 фоиз ва умумий 40 фоиз чегирма тақдим этилади.

Шунингдек, туроператорлар орқали харид қилинган темир йўл чипталарига 15 фоиз, меҳмонхона хизматларига 10 фоиз қўшимча чегирмалар берилиши белгилаб берилди.

Маълумот учун, «Фарғона водийсидан қадимий Хива шаҳрига саёҳат» турпакетини 5 кишидан иборат бир оила 6,6 млн сўмга (авиа ва меҳмонхона хизмати) харид қилганда туроператорлар томонидан давлат субсидияси ҳисобига фуқароларга 2 млн сўмлик чегирмалар берилиб, 4,6 млн сўмни ташкил этади. Бунда, субсидияланадиган авиа ва темир йўл йўналишлари, шунингдек, авиачипта ҳамда жойлаштириш воситаларининг меҳмонхона хизматлари нархларининг субсидияланадиган энг юқори (чекланган) даражаси (суммаси) Махсус комиссия томонидан белгиланади.

Жойлаштириш воситаларидан ундириладиган маҳаллий туристик (меҳмонхона) йиғимнинг яшалган кун учун миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,4 фоизи ёки 980 сўмни ташкил этади. Мазкур йиғим жойлаштириш воситаларининг солиқ солинадиган базасига киритилмайди ҳамда ички саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган тарғибот, ташвиқот ва реклама тадбирларига, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Шунингдек, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида:

  • иш берувчининг туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолинади;
  • жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари туристик йўлланмаларни сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади.

Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда жорий этилган солиқ имтиёзлари 2021 йил охирига қадар узайтирилди.

Биргина 2020 йилнинг ўзида соҳадаги тадбиркорлар:

  • 26 млрд сўмлик ер ва мол-мулк солиқларидан озод қилинди;
  • фойда солиғи 50 фоизга ёки 10 млрд сўмга камайтирилди;
  • ижтимоий тўловлар 12 фоиздан 1 фоизга тушурилди;
  • 241 нафар тадбиркорнинг 4 мингдан ортиқ ишчи ходимларини сақлаб туриш учун фоизсиз 16,1 млрд сўм ссудалар тақдим қилинди;
  • 120та жойлаштириш воситаларига ҳар бир меҳмон учун меҳмонхона хизматлари нархининг 10 фоизи миқдорида ёки қарийб 2 млрд сўм қўшимча субсидия берилди;
  • олинган кредит тўловлари тўхтатиб турилди ва уларнинг фоизларининг бир қисми давлат жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилди.

Юқорида келтирилган имтиёз ва преференциялардан самарали фойдаланган ҳолда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ички туризм оқимларини қайта шакллантириш устида жадал ҳамкорликда ишларни ташкил этиш лозим ҳисобланади.

Top