21:26 / 04.03.2021
11335
Чилонзорда маҳалла аҳли норозилигини уйғотаётган хусусий боғча қурилиши бошланди

2 март куни Kun.uz «Тошкентда яна бир тадбиркор «дом»лар орасига хусусий боғча қурмоқчи. Маҳалладагилар бунга қарши» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Унда, тадбиркор Чилонзор туманининг 9-мавзесида жойлашган 17-, 19-20-уйлар оралиғида хусусий боғча қуришни режалаётгани, аммо маҳалла аҳли бу қурилишдан норози бўлаётгани ҳақида сўз боради.

Тадбиркор ва маҳалла аҳли ўртасидаги бу қарама-қаршилик 3 йилдан буён давом этиб келяпти.

Шу ерда яшовчиларнинг Kun.uz'га маълум қилишича, «дом»лар оралиғида хусусий боғча қурилиш ишлари бошлаб юборилган ва ҳудуд ўраб олинган.

Маълумот учун, «Карьера Образования» МЧЖ вакили Aкмал Хўжаев хусусий мактабгача таълим муассасасини  қуриш жараёнида бирорта дарахтга зарар етказилмаслигини айтганди.

«Қатортол» МФЙ раиси Парда Эргашев эса қурилиш ишлари олиб борилишидан олдин фуқаролар розилиги олиниши кераклигини таъкидлаганди. Шунингдек, раис ҳудуддаги барча дарахтлар рўйхатга олинганини ҳам қўшимча қилган.

Тошкент шаҳар ва Чилонзор туман ҳокимлиги ҳозирча ҳолатга изоҳ бермади. Kun.uz'нинг туман ҳокимлиги вакиллари билан телефон орқали боғланишга уриниши самара бермади.

Top