20:58 / 05.03.2021
56904
Тошкентда такси ҳайдовчиси вояга етмаган боланинг номусига тегмоқчи бўлди

Чилонзор туманида қора рангли «Нексия-3» автомобилида таксичилик қилган номаълум эркак 11 ёшли ўғил болани зўрламоқчи бўлди. Воқеадан кейин 5 кун ўтди, айбдор ҳозирча аниқланмай қолмоқда.

Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири Kun.uz'га мурожаат қилиб, ўғли билан бўлган нохуш ҳолатни сўзлаб берди. Унинг айтишича, шу йил 28 февраль куни 11 ёшли ўғли Чилонзор туманидаги уйидан амакисининг уйига бориш учун қора рангли «Нексия-3» русумли таксига чиқади.

Машинада ҳайдовчидан ташқари яна бир йўловчи ҳам бўлади. Ҳайдовчи бу йўловчини Чилонзор туманида тушириб қолдиради, кейин яна бир аёл йўловчини олади. Бу вақт оралиғида мурожаатчининг ўғли ҳам машинада бўлган.

«11 ёшли ўғлим ҳайдовчидан Чилонзор туманининг 20-мавзесига олиб бориб қўйишни сўрайди. Лекин ҳайдовчи дастлаб машинасига олган аёл йўловчини «Абу сахий» бозорига ташлаб қўйишини айтиб, боламни ўзи билан олиб кетади.

Таксичи аёлни бозор атрофида туширгач, ўғлим билан машинада ёлғиз қолади. Шундан сўнг у боламни алдаб, овлоқроқ жойга олиб боради. Ўша жойда машинам бузилиб қолди, деб тўхтаб эшикларни қулфлайди ва орқа тарафга, боламнинг олдига ўтади.

Ўғлимга: «Сир сақлашни биласанми?» дейди ва шимини ечиб, боламга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар қила бошлайди. Ўғлим қўрқиб, йиғлаб қаршилик қилишни бошлаганда, ҳайдовчи «ишини» тўхтатиб, уни айтилган манзилга олиб бориб қўйган ва бу ҳақда ҳеч кимга айтма, деб тайинлаган» – дейди боланинг отаси.

Ота дарҳол «102» орқали ички ишлар органларига мурожаат қилади.

Таксичи болани «Убай ибн Кааб» масжиди (собиқ «Илон ота») яқинидаги кўп қаватли уйлар олдида қолдирган. Ҳолат билан шуғулланган Чилонзор туман ИИБ масжид ташқарисига ўрнатилган камералар ёрдамида болани ташлаб кетган машинага ўхшаш иккита қора рангли «Нексия-3» автомобилини аниқлаган.

Бироқ тахмин қилинган ҳар иккала автомобилнинг эгалари расми болага кўрсатилганда, бола ҳайдовчи улар эмаслигини айтади. Айни вазиятда автомобиллар эгалари ўз машиналарини ишончнома асосида бошқа шахсларга берган бўлиши мумкинлиги истисно этилмаяпти.

Боланинг отаси Kun.uz'га мурожаатида ИИБ ходимлари ҳолатни ўрганишни пайсалга солаётганидан норози эканини айтди.

Тошкент шаҳар ИИББ вакилининг Kun.uz'га билдиришича, ҳақиқатдан ҳам бу ҳодиса юзасидан Чилонзор туман ИИБга ариза келиб тушган. Ҳозирча масала юзасидан жиноят иши очилмаган, лекин ҳолат ўрганилиб, алоқадор шахслардан тушунтиришлар олиш бошланган.

«ИИББ вазиятдан хабардор ва иш боришини ўз назоратига олган», – деди Kun.uz сўровига жавоб берган пойтахт ИИББ матбуот хизмати ходими.

Таъкидлаш жоиз, айбдорга нисбатан чора кўрилмаса, яна бошқа қайсидир гўдак унинг навбатдаги «ўлжа»сига айланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Top