15:21 / 10.03.2021
2803
Ўзбекистонга 300 минг долларлик кўчма диагностика мажмуаси келтирилди

Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикасига 300 минг долларлик кўчма диагностика мажмуаси топширилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Бу тадбир Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш, назорат қилиш ва техник ёрдам кўрсатиш дастурлари доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу кўчма диагностика мажмуасининг ёрдами билан республикамизнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли юқумли касалликларнинг белгилари, юқиш йўллари тўғрисида ўз вақтида маълумот олишлари мумкин.

«Кўчма диагностика мажмуаси диагностика процедуралари, тест синовлари, шунингдек, тиббий кўрик, профилактика кўригидан ўтказиш ва республиканинг бориш қийин ва чекка ҳудудларида яшовчи аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, кўчма диагностика мажмуаси инструментал, лаборатория, функционал ва ультратовуш диагностикаси учун тиббий ускуналар тўплами билан жиҳозланган. Лаборатория жиҳозлари, функционал диагностика билан жиҳозланиш мобил клиникаларни офлайн режимда ишлатиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини беради. Мобил лабораторияларнинг мобил алоқа хизматларининг йўналишларидан бири бу аҳолининг заиф қатламларини ОИВ/ОИТС, гепатитни текшириш ва маслаҳат хизматларига киришини таъминлашдир», дейилади хабарда.

Тадбирда Россия элчиси Владимир Тюрденев, БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер, Россиянинг «СПИД Инфосвязь» жамғармаси директори Елена Перишкина, UNAIDS’нинг мамлакатдаги ваколатхонаси менежери Чарос Мақсудова ҳамда тегишли ташкилотларнинг мутасадди вакиллари иштирок этишган ва республика ОИТСга қарши курашиш маркази директорига кўчма диагностика мажмуаси сертификатлари ва калитлари топширилган.

 

Top