16:22 / 16.03.2021
11775
«Йўл ёмонлиги учун пиёдалар айбдормас» — яна қоидабузарликни хабар қилиш бўйича баҳслар ҳақида

Сўнгги ойларда нафақат ижтимоий тармоқларда, балки расмий майдонларда ҳам энг кучли баҳсларга сабаб бўлаётган мавзу — кўчалардаги қоидабузарликлар ҳақида маълумот етказиш ва бунинг эвазига пул ишлаш бўлди. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкин, жамият бу баҳсда икки лагерга бўлиниб кетди ва ҳар икки томоннинг ҳам аргументлари ўзига хос.

Кўплаб ҳайдовчиларнинг бу борадаги позицияси тайин:

  • йўллар созланмай;
  • етарли даражада автотураргоҳлар ташкил қилмай;
  • йўл чизиқлари ва белгилари ҳолатини талаб даражасига келтирмай;
  • жарималар билан маошлар ва даромадлар миқдорини мувофиқлаштирмай туриб, –

бундай жарималарга тортиш адолатдан эмас.

Ўзи автомобил бошқармаса-да, ёки йўл ҳаракатининг фаол иштирокчиси бўлмаса-да, ҳайдовчиларга хайрихоҳ тоифа бор (энг қизиғи, улар орасида машҳур шахслар, депутатлар, уламолар ва бошқа эл назаридаги шахслар ҳам мавжуд). Улар ҳам бу мавзу бўйича кўпчиликка ёқадиган луқмалар ташлаб туришади:

  • «Чақимчилик уят, одамларни бир-бирига қарши қайраш керак эмас»;
  • «Ҳозир ҳайдовчини сотган эртага ватанни сотади»;
  • «Бундай йўл билан ишланган пул ҳаром» ва ҳ.к.

Жумладан, Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Telegram'даги каналида йўллардаги қоидабузарликларни суратга олиб ДЙХҲБга жўнатувчилар ҳақида навбатдаги баҳсларга сабаб бўлган пост қолдирди. «Хусусий радар [ўрнатиб] ҳамда қоидабузарликни расмга олиб, сотиб пул ишлаётганлар ҳақида: улар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун Ватанини ҳам сотиши мумкин», деди депутат видеомурожаат шаклида эълон қилинган постда.

Бу баҳсларда нисбатан озчилик бўлган, аммо фикрлари тош босадиган учинчи гуруҳ ҳам бор. Улар йўл ҳаракатини тартибга солиш учун ҳар қандай ислоҳотларни ёқлайдилар ва қуйидаги далилларга суянадилар:

  • «Йўл ҳаракатини тартибга солиш масаласида жамоатчилик назорати муҳим»;
  • «Жарима тўлагиси келмаган ҳайдовчи қоида бузмасин»;
  • Ўзбекистонда йилига 2 мингга яқин киши ЙТҲ қурбони бўлмоқда;
  • «Ўз яқинингиз фалокатга дуч келса, шунда бошқача фикрлай бошлайсиз».

Биринчи ва иккинчи тоифанинг овози жуда жарангдор ва таъсирли чиқди, уларга хайрихоҳлар ҳам бир қарашда кўпдек. Аммо баланд қичқириқлар ҳар доим ҳам ҳақиқатни ифода этмайди.

Келинг, бугун учинчи тоифа фикрларига теранроқ назар ташлаймиз ва эҳтиросни бир четга суриб, фактларга эътибор қаратамиз. Сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда ЙТҲлар туфайли 13 мингдан ортиқроқ одам ҳалок бўлган. Биргина 2018 йилда бу кўрсаткич 2,5 минг кишига етган. Ҳатто карантин чекловлари туфайли автомобиллар узоқ муддат ҳаракатланмаган 2020 йилда ҳам 1962 киши авариялар қурбони бўлган.

Ривожланган ва биз ҳавас қиладиган давлатларда бу борадаги рақамларни нолга туширишга уринилаётган, ҳар бир ўлимга фавқулодда ҳолат сифатида қаралаётган бир пайтда ҳар йили ўртача бир қишлоқ аҳолиси яқинларига армонга айланиб ўлиб кетяпти.

Уларнинг ортидан фарзанд ёки ота-она доғи билан қолганлар, бутун умрга майиб-мажруҳ бўлаётганларнинг саноғи йўқ ҳатто.

Дарҳол жавобингиз тайёр – «ривожланган давлатларидек йўл ва шароитни қилиб қўйинг ва ана ундан кейин талаб қилинг». Кечирасиз, йўл ёмонлиги учун пиёда айбдор эмас. Сизнинг катта тезликда келаётган машинангиз қаршисидаги бола сиз излаётган автотураргоҳни топиб беришни гарданига олмаган.

Маълумот учун: Бирор турдаги жаримага тортилганларнинг аксарияти қайтиб шу тарзда қоида бузмасликка ҳаракат қилишлари аллақачон ўз исботини топган.

«Давлат ҳаммасини тўғрилаб қўйсин», дейишга ҳам шошманг. Ўзбекистонда оз бўлса-да барча белгилар қўйилган, чизиқлари рисоладагидек, ўзи ҳам чуқурларсиз, равон йўллар бор. Хўш, ўшаларда ҳаракатланаётганда қоида бузмайсизми? Қўлингизни кўксингизга қўйиб айтинг-чи, айнан ана шундай йўлларда «газни босиш» истаги кучлироқ бўлмайдими?!

  • Фақат радар ёки «ГАИ»га учраб қолишдан қўрқувгина сизни маълум ҳудудларда секинлашишга мажбур қилади.
  • Фақат жарималардан қочишгина бошқалар ҳақидан қўрқиш, қизил чироқдан ўтмаслик ва чизиқларни босмасликка мажбур қилади.
  • Фақат йўллардаги постларгина сизга ҳатто ўзингизнинг ҳаётингиз учун зарур бўлган «ремен» тақишга мажбур қилади.
  • Фақат чорраҳалардаги камераларгина пиёдаларга йўл беришга мажбур қилади.

Тан олинг, сизнинг ҳайдовчилик онгингиз фақат жарима ва жазолардан қўрқишга мослашган, асло йўл қоидаларига риоя қилишга эмас.

Шундай экан, нега сизнинг тийиқсиз ҳаракатларингизни, ҳайдовчиликда ўта паст маданиятингизни жиловлашга доир яна бир услуб йўлга қўйилмаслиги керак?!

Бу борада Azon.uz сайти асосчиси Мубашшир Аҳмад ўз қарашларини билдирганди.

«Шаръий сиёсат - шариатда далили йўқ масалаларни ҳоким томонидан жамиятга манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни ўйлаб жорий қилган фармон ё ҳукмидир ва унга риоя қилиш вожиб саналади. Масалан, светофор қоидалари, ўқ чизиқни босмаслик ва тезликни оширмаслик инсон ҳаёти ё соғлигини сақлаб қолиш учун жорий қилинган. Бинобарин бу ишлар жамиятга фойда келтиради ё зарарни даф қилади.

Энди ана шу қоидаларни бузганларни масъул жиҳатларга етказиш мавзусига келсак, қадимда ислом диёрида муҳтасиблик ва иҳтисоб ишлари жорий қилинган. Муҳтасибнинг вазифаси жумладан жорий ҳукм ва қоидалар халқ томонидан қандай бажарилаётганини назорат қилишни ва ҳуқуқи берилган бўлса ҳатто жазолашни ўз ичига олган. Бинобарин ҳозирги ҳолатимизда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётганларни суратга олиб, тегишли жиҳатларга юбораётган кишиларни ана шу муҳтасибларга ўхшатсак бўлади», – деган у.

Алоҳида мавзу, қоидабузарликни хабар бериш ортидан пул ишлаш. Бунга ҳам ўзига хос ечим таклиф қилинибди, яъни олинадиган маблағни хайрия қилиб юбориш мумкин. Кимдир касб қилиб олади, деган ҳадигингиз бўлса, ўша касб қилиб оладиганларни бир бопланг – қоида бузманг! Ўша «козёллар» сарғайиб, кута-кута қуруқ қўл билан қайтишсин.

* Изоҳларда сўкишга устасиз. Шошилманг. Остингиздаги жонсиз темирдан тушинг-да, шаҳардаги светофор ҳам, камера ҳам йўқ жойдаги пиёдалар йўлагидан ўтишга ҳаракат қилиб кўринг. Жонингизни ҳовучлаб ўтиб олгунингизча неча «маданият эгаси»нинг сўкишларини эшитар экансиз.

Аброр Зоҳидов

Top