23:29 / 23.03.2021
13218
Орбитага фазовий чиқиндиларни йиғувчи магнит-қурилма чиқарилди

Ерга яқин орбитага Япониянинг Astroscale компанияси ишлаб чиққан ELSA-d магнит-қурилмаси чиқарилди. Ушбу қурилма фазовий чиқиндиларни йиғиш ва йўқ қилишга мўлжалланган илк қурилма бўлади.

Фото: PA Images

Тechtoday нашрининг таъкидлашича, ELSA-d тажрибавий қурилма бўлиб, ҳозирча тўлиқ ҳажмда ишламайди. Сунъий йўлдошнинг оғирлиги 200 кгни ташкил қилади. У чиқиндиларни йиғиб олгач, Ер атмосферасига кириб ёниб кетади. Бунда олинган барча маълумотлар шу турдаги қурилмаларни ишлаб чиқиш учун қўлланади.

Магнит иккита блок - асосий модул ва фазовий чиқинди макетидан иборат. Асосий блок оғирлиги 180 кг, макет оғирлиги 20 кг келади. Сунъий йўлдош синов режимида фазовий чиқиндини бир неча марта ўзига тортиб олиши керак бўлади. Шу тариқа қурилма синовдан ўтказилади.

“Фазовий қурилмалар гуруҳлари даври бошланмоқда. Улардан баъзилари бузилиб қолиши ва Ерга қайтиши, бошқалари эса фазода қолиб, бошқа қурилмаларга тўқнаш келиши мумкин. Бундан ташқари, улар фазовий чиқиндилар қаторини тўлдириб, Ер аҳолисига катта хавф солиши мумкин”, деб айтган Astroscale’нинг Британиядаги филиали ижрочи директори Жон Оберн.

Магнитнинг кейинги синов парвози 2023 йилга белгиланган. 

Фазовий чиқиндилар сунъий йўлдошларга урилиш ва уларни ишдан чиқариш билан хавф солади. Айни вақтда Ер атрофида 170 млнтага яқин турли ҳажмдаги чиқинди айланиб юради.

Европа коинот агентлигининг баҳолашича, Ерга яқин орбитада 9 минг тоннадан кўпроқ ёки 34 мингта фазовий чиқинди бор. Бундан ташқари, орбитада узунлиги 15 смдан кичикроқ 130 мингта объект мавжуд.

Top