18:23 / 31.03.2021
1424
«Одамлар масофавий диагностика йўқлигидан норози бўлишяпти» – Тиббиёт соҳаси рақамлаштирилиши муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш бўйича ҳисоботи депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов тиббиётни рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этиш билан бирга камчиликларни ҳам айтиб ўтди.

«Биз ҳануз амалиётда телемедицина асосида республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг жойлардаги филиаллари ўртасида яқиндан алоқа ўрнатилганини кўрмаяпмиз. Бугунги кунда амалга оширилаётган қатор бошланғич лойиҳалар билан асло ўзимизни хотиржам ҳис қилишимиз керак эмас.

Жойларда одамлар ҳалигача ҳар томонлама масофавий диагностика ва даволаш имкониятлари кенгайтирилмаганидан норозилик билдиришади. Ахир, айнан, бизнинг илғор республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларимиз бундай тадбирларни ташкил этишлари учун зарур бўлган ваколат ва имкониятларга эга, қолаверса, улар ушбу жараёнларда йўлбошчи сифатида ҳаракат қилишлари лозим», — деди спикер ўз сўзида.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Aбдулла Aзизов ҳозирги кунда ускуналар ва дастурий таъминотдан иборат тегишли инфратузилма тайёрланаётгани, рақамлаштириш учун зарур ускуналар ва компьютер технологияларини сотиб олиш учун Осиё тараққиёт банки ва KFW грантлари жалб қилинганини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишлар «IT-Med» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Top