20:55 / 01.04.2021
2379
Самарқандда ўқитувчи ўқувчининг қўлига баҳо қўйди

Самарқандда дарсда жавоб бера олмаган ўқувчининг қўлига 2 баҳосини қўйган ўқитувчи огоҳлантирилган ва унга педагогик-психологик ёрдам бериш учун устоз бириктирилган. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги 65-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси ўқувчининг қўлига 2 баҳо қўйганлиги акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Ҳолат вилоят халқ таълими бошқармаси ва шаҳар халқ таълими бўлими масъул ходимлари томонидан ўқувчининг онаси иштирокида ўрганилган.

Суриштирув давомида, 65-мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Қ.Д. 2-синф ўқувчиларига дарс ўтиш чоғида берилган вазифага ижобий жавоб бера олмаган ўқувчи Н.A.нинг қўлига 2 баҳо қўйгани тасдиқланган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш чоғида бир йилдан буён ушбу мактабда ўқувчиларга инглиз тили фанидан дарс бераётган ўқитувчи Қ.Д. га ўқувчига нисбатан бу хатти-ҳаракати педагогик-психологик жиҳатдан нотўғри эканлиги тушунтирилган. Унинг етарлича тажриба тўпламаганлиги, педагогик фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаганлиги инобатга олиниб, огоҳлантириш берилган. Ёш ўқитувчига методик, педагогик-психологик ёрдам бериш учун малакали устозлар бириктирилган.

Top