19:40 / 05.04.2021
1886
Беш ташаббус ҳаракатига меҳмон ва иштирокчи сифатида олти мингдан зиёд киши рўйхатдан ўтган

Пойтахт ёшлари учун ташкил этилаётган йирик тадбир ташкилотчилари иштирокчилар ва меҳмонларни рўйхатга олиш жараёни ҳамда қурилаётган шаҳарча декорациялари ҳақида маълумот берди.

Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, ҳаракат меҳмонлари сифатида уч мингдан ортиқ ёш йигит ва қизлар рўйхатдан ўтган. Иштирокчи сифатида энг кўп талабгор спорт мусобақаларига – улар сони 1800 нафардан ошди. Хусусан, Laser run замонавий бешкураш қоидалари асосидаги мусобақаларда қатнашиш истагини билдирганлар сони 120 нафарни ташкил этмоқда.

Блогер ва мусиқачи Никита Макаренко раҳбарлиги остида бўлиб ўтадиган Tashkent Voice Fest вокал ижрочилар танловида қатнашиш учун 100дан ортиқ ариза келиб тушган.

Райтерлар ўртасидаги Street Art – граффити рассомлари танлови ҳозирга қадар 38та ариза тўплаган. Машҳур хореограф Сергей Злотников раҳбарлиги остидаги рақс фестивали - Tashkent Dance Fest'да қатнашувчилар сони эса 80 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасида “Заковат” интеллектуал турнири ҳам бўлиб ўтади. Таниқли блогер, клуб билимдони Хушнудбек Худойбердиев раҳбарлигида ўтказиладиган турнирда 200дан ортиқ жамоа иштирок этишга ният билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент беш ташаббус ҳаракати 2021 йил баҳорининг энг йирик воқеаси бўлиши ваъда қилинмоқда. Кутилаётган тадбир мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг барча соҳаларини қамраб олади.

Ҳаракат ташкилотчиси – Тошкент шаҳар ҳокимлиги. Тадбирни ўтказиш учун 37,5 минг квадрат метр майдонда шаҳар ичида махсус шаҳар бунёд этилмоқда. Унинг декорациялари енгил конструкциялардан шакллантирилмоқда. Тадбирга нафақат иштирокчи, балки меҳмон сифатида ҳам ташриф буюриш мумкин. Унинг доирасида бизнес, дизайн, ахборот технологиялари, спорт ва бошқа соҳаларда муваффақиятга эришган инсонлар билан учрашувлар бўлиб ўтади. Тадбирнинг ҳар бир куни эса қувноқ мусиқий рақс кечаси билан якунланади. Машҳур диджейлар Trace ва Roger Gunn кечки шоуларнинг резидентлари бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, рўйхатдан ўтиш ҳаракатнинг расмий сайтида амалга оширилади: www.toshkent21.uz

Top