08:45 / 12.04.2021
1173
Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Ҳужжат билан Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги тўғрисидаги низом ва унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди, ушбу низом агентлик мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ-ваколатлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек унинг раҳбарлари функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган таклифларни малакали консультант ва экспертларни жалб қилган ҳолда лойиҳаолди баҳолаш (шу жумладан, муқобил сценарийлар ишлаб чиқиш) ишларини амалга ошириш;
  • давлат ташқи қарзи ҳисобига молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида лойиҳа ташаббускорларига техник топшириқ ва техник-иқтисодий асосларни мукаммал ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
  • лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида лойиҳа харажатларини бошқариш тизимини жорий қилиш;
  • лойиҳа мақсадли кўрсаткичлари матрицасини шакллантириш, улар бўйича мониторинг олиб бориш ва баҳолаш тизимини жорий этиш;
  • инвестиция лойиҳасини амалга оширишда муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;
  • лойиҳалар доирасида шаффоф ва холис тендер ҳамда бошқа харид жараёнларини ташкил этиш, шу жумладан харидлар бўйича мустақил эксперт ва профессионал компанияларни жалб қилиш;
  • лойиҳаларни амалга ошириш доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва пудратчиларни кенг жалб қилиш мақсадида улар учун тегишли тренинг ва семинарлар ўтказилишини доимий асосда таъминлаб бориш;
  • лойиҳаларни бошқариш гуруҳлари ва лойиҳа ташаббускорларининг тегишли бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда улар самарадорлигини баҳолаш.

Агентлик штатидаги бошқарув ходимлари сони 49 бирликни ташкил этади.

Top