16:41 / 14.04.2021
12284
Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси «Шимол-Жануб» халқаро транспорт йўлагига аъзо бўлди

«Шимол-Жануб» йўлаги бир томондан Европа Иттифоқидан то Сувайш каналигача бўлган ҳудудларга, иккинчи томондан Европа Иттифоқидан то Ҳиндистон, Покистон портларигача етиб боради. Йўлак орқали ташиш харажатлари 30-40 фоизга арзонлашиши кутилмоқда.

Фото: novostipmr.com

Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси «Шимол-Жануб» («Север-юг») савдо логистик коридори клубига қўшилди.

«Ўзбекистоннинг «Шимол-Жануб» транспорт коридорига қўшилиши мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим келишув ҳисобланади. Ушбу коридорга Европа ва МДҲдан Украина, Беларусь, Озарбойжон, Туркманистон, Миср, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Покистон каби давлатлар аъзо бўлган.

Бу лойиҳа бизга логистика харажатларини 2 баробаргача қисқартириш имконини беради. Лойиҳа асносида Ўзбекистонда қуруқлик портини яратиш ва халқаро савдо ва логистик транзитларни амалга оширишни режалаштирганмиз. Лойиҳа Жаҳон савдо ташкилотига қўшилишимиз учун ўзига хос платформа бўлади деган умиддамиз», — дея Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Шимол-Жануб» йўлаги бир томондан Европа Иттифоқидан то Сувайш каналигача бўлган ҳудудларга, бошқа томондан Европа Иттифоқидан то Покистоннинг Карачи портигача ёки Ҳиндистон портларигача етиб боради. 

Фото: Wikipedia

Бу савдо йўлаги йирик лойиҳа бўлиб, 2000 йилда уни ташкил этиш тўғрисида Россия, Эрон ва Ҳиндистон ўртасида келишув бўлган. 2002 йилдан бу «яшил йўлак» расман очилган. Ҳозирда дунё бўйича ўнлаб давлатлар унга аъзо бўлган.

Узунлиги 7200 км бўлган транспорт йўлаги Ҳиндистондан Санкт-Петербургга товарларни етказиб бериш муддатини 30-40 фоизга ёки 20 кунга қисқартиришга имкон беради. Келажакда эса йилига 15-20 миллион тонна юк ташиш режалаштирилган.

«Шимол-Жануб» савдо йўлаги Ўзбекистонга нима беради?          

Ушбу лойиҳа савдони молиялаштириш имконини беради.  Шунингдек, логистик жиҳатдан ҳам қулай.  

Маълум қилинишича, ушбу «яшил йўлак» рақамли тижорат йўлга қўйиб тез бузиладиган товарларни етказиш тезлигини оширади, транспорт харажатларини камайтиради, умумий транспорт инфратузилмасини мувофиқлаштиради.

Россия мисолида кўрадиган бўлсак, ҳозирда Мумбайдан Москвага ушбу йўналиш бўйича етказиб бериладиган контейнер юклари 30 кундан ортиқ давом этмайди. Юкларни Сувайш канали бўйлаб ва Европа бўйлаб Санкт-Петербург орқали ташиш ўртача 45 кун вақт олади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар контейнерларнинг йўналиши ва етказиб бериш муддати 15 кунга қисқартирилса, бир тонна юкни етказиш нархи ҳам камаяди. «Шимол-Жануб» транспорт коридорининг потенциал қуввати йилига тахминан 15-16 миллион тонна юк ташишга етади, бу харажатлар 1,5-2 миллиард долларга камайишини англатади.

Аввалроқ, ўзбек-афғон матчмейкинг конференциясида ўзбек тадбиркорлари иштирок этиб, хорижий инвесторлар билан 6 йўналиш бўйича 12та шартнома имзолаб қайтгани маълум қилинганди.

Top