11:18 / 14.04.2021
10154
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг раҳбарлари тайинланди

Янги ташкил этилган Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига директор ва унинг ўринбосарлари тайинланди.

Алишер Казакович Инаков Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори этиб тайинланди.

Алишер Инаков / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

А. Инаков Андижон давлат тиббиёт институти ва Биринчи Москва тиббиёт институти (аспирантураси)ни тамомлаган. Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон ногиронларнинг меҳнат қобилиятини аниқлаш ва тиклаш илмий-текшириш институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ногиронларни тиббий, ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш республика маркази директори илмий ишлар бўйича ўринбосари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-ижтимоий ёрдам муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 

Шунингдек, ҳозирги лавозимга тайинланишдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори в.в.б. бўлган.

Баҳодир Каримович Каримов агентлик директорининг тиббий-ижтимоий масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Баҳодир Каримов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Б. Каримов Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. У кўп йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишида фаолият юритган. Жумладан, Таянч-ҳаракат тизими бузилган ногиронларни соғломлаштириш республика маркази бўлим мудири, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ногиронларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш республика инспекцияси бош мутахассиси, Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-ижтимоий ёрдам муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бош бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 

Ҳозирги лавозимга тайинланишдан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги директори ўринбосари в.в.б. бўлган.

Ғайрат Ҳабибуллаевич Исроилов агентлик директорининг молиявий-иқтисодий ва қурилиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Ғайрат Исроилов / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ғ. Исроилов Сирдарё вилоятида туғилган. У фаолияти давомида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Пенсия ва нафақа тўлаш устидан мониторинг бўлими бош мутахассиси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Пенсия ҳисоблаш услубиётини мувофиқлаштириш ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлими бошлиғи, Пенсия жамғармаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган. 

Айни пайтдаги тайинловдан олдин эса Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибиятининг Пенсия таъминоти ва кам таъминланган оилалар масалалари бўйича бош мутахассиси сифатида фаолият юритган.

  • Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 25 мартдаги «Кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги фармонига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш белгиланган эди.
  • Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.
Top