14:10 / 20.04.2021
3832
Тошкентдаги 1 ва 3-сонли клиник шифохоналарда ўтказилган ноқонуний «тендерлар» бекор қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилган давлат хариди жараёнлари ўрганилганида, «Давлат харидлари тўғрисида» ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунлар талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган.

Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддасига (давлат харидларини амалга оширишнинг рақобатга асосланмаган усулларини қонунга хилоф равишда танлаш) хилоф равишда Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси харид комиссияси томонидан ўтказилган танловга «Z.S.» МЧЖнинг тақдим қилган ҳужжатлари кўриб чиқилмаган ҳамда таклифи асоссиз равишда рад қилинган.

Шунингдек, қонуннинг 53-моддасида буюртмачи махсус ахборот порталига танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон билан бир вақтда жойлаштирилиши лозим бўлган ҳужжат ва маълумотлар рўйхати келтирилган бўлса-да, 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси иштирокчиларга танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, техник топшириқ, таклифларни баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби ҳамда танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилиниши таъминланмаган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар 3-сонли клиник шифохонаси буюртмачилигидаги 92,4 млн. сўмлик аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган танловда қонунбузилиш ҳолатлари кузатилган.

Хусусан, буюртмачи томонидан «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига зид равишда аутсорсинг хизматини кўрсатиш бўйича ўтказилган танловда талабгорларга давлат харидлари шартларида назарда тутилмаган талабларни қўйган ва мазкур шартлар асосида ғолибни аниқлаган.

Шунингдек, шифохона томонидан «Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 77-банди талабларига зид равишда «Таклифларни рўйхатга олиш китоби» умуман юритилмаган ва талабгорларнинг бирор таклифи белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган.

Тошкент шаҳар 1-сон юқумли касалликлар клиник шифохонаси ва 3-сонли клиник шифохонаси томонидан қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилган ушбу танловлар Аксилкоррупция агентлигининг тақдимномаси асосида бекор қилинди.

Top