13:59 / 23.04.2021
4486
Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси қарийб 19 фоизга ўсди

Коронавирус пандемияси бошлангандан буён ишбилармонлик фаоллиги индексида ўтган ойга қараганда ҳам, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам кескин ижобий ўсиш кузатилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Kun.uz’га маълум қилишича, Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси 2021 йил март ойида 1 минг 187 бирликни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,7 фоизга ошди.

Компонентлар даражасидаги ўзгаришлар

2021 йилнинг феврал ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 12,7 фоизга ошиб, 1 минг 127 бирликни ташкил этиши қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги операциялари сони 15,7 фоизга ошган;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 8,1 фоизга ошган;
  • товар-хом ашё биржасида хомашё сотиб олиш жадаллиги 10,2 фоизга ошган;
  • товар белгилари бўйича компонент 44,4 фоизга ошган.

Энг юқори ўсиш суръати қайси ҳудудларда кузатилган?

2021 йил март ойида ишбилармонлик фаоллиги индекси барча ҳудудларда ўтган ойга (2021 йил феврал) нисбатан ўсиши кузатилган. Қорақалпоғистон (45,3 фоиз), Андижон (27 фоиз), Жиззах (20,7 фоиз) ва Хоразм (20 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада ўсиш кузатилган.

Банк ҳисобварақалари бўйича операциялар

2021 йил март ойида банклараро тўлов операциялари сони 5 млн 49 минг 700 тани ташкил этди ва ўтган ойга нисбатан 686,8 минг транзакцияга (15,7 фоиз) ошган.

Банклараро тўлов операциялари сони барча ҳудудларда ўсди

2021 йил мартда республиканинг барча ҳудудларида, юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ошган. Хусусан, сезиларли даражадаги ўсиш Тошкент шаҳри (18,8 фоиз), Сурхондарё (18,8 фоиз), Андижон (17,3 фоиз), Бухоро (15,7 фоиз) ва Наманган (15 фоиз) вилоятларида кузатилган.

Товар-хом ашё биржасидаги фаоллик

2021 йилнинг март ойида ишбилармонлик фаоллиги индексининг биржа компоненти ўтган ойга нисбатан 1,1023 бирликни ташкил этди ва 10,2 фоизга ошди. Ушбу компонентнинг ошиши битимлар сонининг 19,3 фоизга ошганлиги билан изоҳланади.

Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 2021 йил март ойида 5 трлн 443 млрд 700 млн сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 12 фоизга ошган.

Хўжалик юритувчи субъeктларнинг фаоллиги

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2021 йил мартида ўтган ойга нисбатан 8,1 фоизга ошганлигини кўрсатади.

2021 йил март ойида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга нисбатан 7 минг 63тага кўпайиб, 538 минг 537 тани (2021 йилнинг феврал ойида 531 минг 474 та) ташкил этди.

Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони ошди

Ҳисобот даврида, ўтган ойга нисбатан кичик корхоналар сони 423 минг 511 тадан 428 минг 625 тагача ошган (ўсиш 5 минг 114 та). Фермер хўжаликлари сони 104 минг 945 тадан 106 минг 79 тагача (ўсиш 1 минг 134 та) кўпайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 минг 833 тани ташкил этиб, 2021 йилнинг феврал ойига нисбатан 815 тага ошган.

Брeндларни рўйхатга олиш

2021 йил март ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича бизнес фаоллиги индекси феврал ойига нисбатан 44,4 фоизга ошди. Ўтган ойда юридик шахслар томонидан 325 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Top