23:42 / 28.04.2021
7682
Ойга биринчи парвозда иштирок этган америкалик астронавт Майкл Коллинз вафот этди

Америкалик собиқ астронавт, инсоният тарихида Ойга қўниш билан кечган биринчи парвозда иштирок этган Майкл Коллинз 90 ёшида саратондан вафот этди.

Фото: NASA

«Биз отамиз ва бобомиз саратонга қарши мардонавор курашдан кейин бугун вафот этганини қайғу билан маълум қиламиз», деб ёзган астронавтнинг оиласи твиттерда.

 Коллинзнинг вафоти муносабати билан NASA коинот агентлиги ўз ҳамдардлигини билдирган. «Миллат астронавт Майкл Коллинз шахсида ҳақиқий кашшоф ва тадқиқотларнинг умрбод ҳимоячисини йўқотди. «Аполлон-11» қўмондонлик пункти учувчиси сифатида кўпчилик уни «тарихдаги энг ёлғиз одам» деб атарди: унинг ҳамкасблари инсоният тарихида биринчи бўлиб Ой сиртига қадам қўйишган бир пайтда, у мамлакатимизга ҳал қилувчи сарҳадга эришишда ёрдам берган», деб айтилган агентлик баёнотида.

 Майкл Коллинз Ойга илк одамларни етказган машҳур «Аполлон-11» кемасининг қўмондонлик модули учувчиси бўлган. 1969 йил 21 июлда кема экипажининг қолган аъзолари – астронавтлар Нил Армстронг ва Базз Олдрин инсоният тарихида биринчи бўлиб Ойга қадам босган. Коллинзнинг ўзи эса Ойда бўлиш бахтига муяссар бўлмаган: у Ой яқинидаги орбитада қўмондонлик модулида қолиб, у ердан ҳамкасбларига кўмак кўрсатган.

Top