21:42 / 30.04.2021
8917
Қирғизистон ва Тожикистон президентлари май ойида учрашишга келишиб олди

Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон телефон орқали суҳбат ўтказиб, чегарадаги вазиятни тезроқ тартибга солишга қаратилган чораларни муҳокама қилишди. Шунингдек, улар май ойининг иккинчи ярмида учрашишга келишиб олди.  

Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров

«Садир Жапаров Қирғизистон давлатлараро масалаларни мулоқот йўли билан ҳал қилиш ва қирғиз-тожик чегарасида барқарор вазиятни сақлаш тарафдори эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. У Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик бундан кейин ҳам икки халқ ўртасидаги кўп йиллик дўстлик ва яхши қўшничилик асосида сермаҳсул ривожланишига ишонч билдирди», деб маълум қилинган Қирғизистон президенти матбуот хизматида.

 Таъкидланишича, икки давлат раҳбари юзага келган вазиятни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга келишиб олди. Шунингдек, Боткен вилояти ҳудудида 1 май куни икки томоннинг қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркациялаш бўйича ҳукумат делегациялари музокаралари бўлиб ўтишига қарор қилинди.

 Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрмек Киштобаевнинг маълум қилишича, икки давлат чегарада юз берган қуролли можаро бўйича бир-бирига норозилик билдирмаган.

 28 апрел куни қирғиз-тожик чегарасида икки давлат чегарачилари ўртасида можаро келиб чиқди, 29 апрелда эса у қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

 Можаро Тожикистон томони Исфара дарёси юқори оқимидаги «Бош» сув тақсимлаш пунктида сув тақсимотини назорат қилиш мақсадида видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган. Қирғизистоннинг чегара отряди ва Боткен вилояти полиция ходимлари видеокамераларни ўрнатишни тўхтатишни талаб қилган. Томонлар бир тўхтамга кела олмагани можаронинг авж олишига олиб келган. Тожикистон бу ҳудудни ўзиники деб ҳисоблайди, Қирғизистон эса баҳсли ҳудуд сифатида билади.

 Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, чегарадаги қуролли тўқнашувлар вақтида Қирғизистоннинг 31 нафар фуқароси ҳалок бўлган, 154 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Тожикистон ҳозирча бу борадаги маълумотларни келтирмаган. Бироқ маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, можаро вақтида Тожикистоннинг 10га яқин фуқароси ҳалок бўлган, 90дан кўпроғи жабрланган.   

Мавзу
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма рўй берди. Томонлар низода яна бир-бирларини айблашмоқда.
Барчаси
Top