22:20 / 09.05.2021
22885
Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар орасида яна бир хавфли касаллик тарқалмоқда

Ҳиндистонда коронавируснинг иккинчи тўлқини билан параллел равишда яна бир хавфли касаллик – мукоромикоз ёки “қора моғор” эпидемияси авж олмоқда.

Фото: EPA

Хабарларга кўра, ушбу касаллик коронавирусга чалинганлар ёки ундан тузалганлар орасида кўп учрамоқда. Касаллик тупроқ, ўсимлик, гўнг ва чириётган мева-сабзавотларда учровчи моғор таъсирида келиб чиқади. Иммунитетнинг пасайиши мукоромикоз ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Мумбайлик шифокор Акшай Наирнинг айтишича, мукоромикоз билан касалланишлар сонининг ўсиши коронавируснинг оғир шаклларини даволашда қўлланувчи стероидлар қабул қилиниши билан боғланган бўлиши мумкин. Стероидлар коронавирус келтириб чиқарадиган ўпка яллиғланиши даражасини камайтиради, бироқ иммунитетни пасайтиради ва қондаги шакар миқдорини оширади. Мукоромикоз билан коронавирусдан соғайгандан тахминан 12-15 кун ўтиб касалланиш қайд қилинмоқда.

 “Қанд касаллиги иммун тизимини заифлаштиради, коронавирус эса буни янада чуқурлаштиради. Сўнгра коронавирусга қарши курашда қўлланувчи стероидлар оловга ёнилғи сепгандек таъсир кўрсатади”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис. 

Мукоромикоз кам учровчи касаллик бўлиб, у билан касалланганларда бурун битиши ва бурундан қон кетиш; кўз шишиши ва унда оғриқ; қовоқлар осилиши; кўришдаги муаммолар ва кўриш қобилиятини йўқотиш каби симптомлар кузатилади. Бурун атрофида қора доғлар пайдо бўлиши мумкин.

Наирнинг маълум қилишича, у апрел ойида ушбу касалликдан азият чекаётган 40га яқин беморни қабул қилган. Улардан аксарияти коронавирусдан соғайган диабетиклар бўлган. Улардан 11 нафарининг кўзини жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга тўғри келган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, кўпчилик беморлар кўзлари ожизлашиб қолгандагина мурожаат қиладилар ва шундан кейин инфекция мияга ўтиб кетмаслиги учун уларнинг кўзларини олиб ташлашга тўғри келмоқда.

Баъзи ҳолатларда беморларнинг иккала кўзи ҳам олиб ташланмоқда. Шунингдек, шифокорлар касаллик организмга тарқалиб кетмаслиги учун жағ суягининг бир қисмини олиб ташлашига ҳам тўғри келмоқда.

Таъкидланишича, ушбу касаллик қанд касаллиги, ОИВ/ОИТС ва саратондан азият чекувчилар учун ўта хавфли ҳисобланади. Мукоромикоздан ўлим даражаси 50 фоизгача етиши мумкин.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top