19:34 / 14.05.2021
5369
Чехия бош прокурори рус жосуслари билан боғлиқ можаро ортидан истеъфога чиқди

Павел Земан апрелда Врбетица қишлоғидаги қурол-аслаҳа омборларида 2014 йилда юз берган портлашлар теракт эмаслигини ва бу иш бўйича Чехия конституцион тузуми ёки мамлакат мудофаа салоҳиятига путур етказишга уриниш аниқланмаганини айтганди.

Чехия бош прокурори Павел Земан истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири ўринбосари Карел Гавличек маълум қилди, деб хабар бермоқда Lidové Noviny.

Гавличекнинг айтишича, вазирлар маҳкамаси унинг бу қарорини маълумот учун қабул қилган, аммо ҳукумат ҳозирча Земаннинг истеъфоси сабабларини муҳокама қилмаган.

Павел Земан апрелда Врбетица қишлоғидаги қурол-аслаҳа омборларида 2014 йилда юз берган портлашлар теракт эмаслигини ва бу иш бўйича Чехия конституцион тузуми ёки мамлакат мудофаа салоҳиятига путур етказишга уриниш аниқланмаганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеаларни сиёсат ва ОАВда қандай тасвирлаш "сиёсатчиларнинг иши".

CT24 телеканалининг хабар беришича, Земаннинг бош прокурор сифатидаги мандати 30 июнда тугайди.

Эслатиб ўтамиз, 17 апрелда Чехия бош вазири Андрей Бабиш мамлакат махсус хизматларидан Врбетицадаги ҳодисага Россия бош разведка бошқармаси ходимлари алоқадорлиги ҳақида ахборот олганини маълум қилди. Бу айбловлар Чехия ва Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашишига олиб келди.

Врбетицадаги портлашлар 2014 йил 16 октябрда ва 3 декабрда юз берган. Портлашлар оқибатида 2та омбор йўқ бўлган, 2 киши ҳалок бўлган.

Бир ярим ойдан кейин биринчи омбордан бир километр узоқликда жойлашган бошқа омборда кучли портлаш содир бўлган. Бу ерда 100 тоннага яқин ўқ-дори сақланган.

Top