22:10 / 18.05.2021
14445
Ўзбекистонда автомобилга бўлган талаб ошмоқда

Апрел ойида автомобил бозорида аҳоли талаби март ойига нисбатан 14 фоизга ошди. Бу карантин туфайли кечиктирилган талаб сифатида изоҳланмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари автомобил бозорида талаб кетма-кет учинчи ой барқарор ўсганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Жорий йил апрел ойида автомобил бозорида аҳоли талаби март ойига нисбатан 14,1 фоизга ошиб, кетма-кет учинчи ой барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда.

Aвтомобиллар савдосининг ўсиши 2020 йил апрел ойига нисбатан 355,9 фоизни, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 19,6 фоизни ташкил этди.

2020 йил апрелида, биринчи карантин даврида ушбу кўрсаткич феврал ойига нисбатан 75,8 фоизга, март ойига нисбатан 63,1 фоизга камайган эди.

Ҳисобот даврида рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони Тошкент шаҳрида (28,9 фоиз), Бухоро (31,4 фоиз), Сурхондарё (18,8 фоиз), Самарқанд (17,8 фоиз) вилоятларида тез суръатларда ўсган бўлса, Жиззах (6,0 фоиз), Хоразм (3,9 фоиз) вилоятларида пасайиш кузатилди.

2021 йил январ-апрел ойларида 59,6 мингта янги автомобил рўйхатдан ўтказилди. Уларнинг 2,9 мингтаси (4,9 фоизи) – «иномаркалар».

Чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри (янги автомобилларнинг 11,8 фоизи);
  • Тошкент вилояти (5,6 фоизи);
  • Самарқанд вилояти (3,3 фоизи);
  • Хоразм (2,7 фоизи) вилоятлари.

«CОVID-19 вакцинасининг кенг татбиқ этилиши ва апрел ойида енгил автомобилларнинг юқори даражада сотилиши 2021 йилнинг қолган қисмида оптимизмга сабаб бўлмоқда.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобиллар бозорида кейинга қолдирилган талаб билан белгиланадиган ўсиш кутилмоқда. Олди-сотди шартномалари сони ўсишда давом этади ва маҳаллий рекордлар ўрнатилиши мумкин, лекин нархларда кескин ўсиш бўлмайди», – дейилади хабарда.

Aввалроқ, жорий йил март ойида автомобилга бўлган талаб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,4 фоизга ўсгани маълум қилинганди.

Top