20:02 / 20.05.2021
30179
Даҳшатли рақамлар! Биз қаёққа қараб кетяпмиз?!

“Қашқадарёда содир бўлган мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида 7 киши вафот этди...”, “Фарғонада содир бўлган ЙТҲ оқибатида 6 киши ҳалок бўлди...”, “Нукус яқинида учта автомобил тўқнашиб, 6 киши ҳалок бўлди...”, “Самарқандда содир бўлган ЙТҲда 9 ёшли бола вафот этди...”. Бу сўнгги ўн кунда содир бўлган аварияларнинг айримлари (!) холос.

Афсуски биз ҳаракатланаётган темир завқини ҳазрати инсоннинг ширин жонидан афзал билар даражага етганлар билан бир жамиятда яшаяпмиз. Ўзбекистондаги йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолат жуда аянчли, вазиятни ўнглашга қаратилган ҳар қандай ислоҳотлар ўта оғриқли қабул қилинади, ҳамма бир-бирини айблайдиган иллатли доира ичида юзлаб қурбонлар бериляпти ва улар сони мунтазам ортиб боряпти.

Мисол тариқасида, қоидабузарликлар ҳақида хабар беришни “козёл”ликдан олиб “терпила”ликка солдик. Шу масала кўтарилганда бутун жамият иккига бўлиниб кетди, қоидабузарлар ўз қилмишлари ошкор қилинишига шу қадар кучли қарши чиқдиларки, ташқи душман кириб келиши ҳам бунчалик кўпчиликни сафарбар ҳамда ҳамжиҳат қила олмаса керак.

Оқибат кўп куттирмади: қонунчилик бу ҳаракатга имкон берса ҳам, кўпчилик “оч қорним, тинч қулоғим” режимига ўтди, бу ишни қила бошлаганлар калтакланди, сазойи қилинди, салкам халқ душманига айлантирилди.

Хўш, натижа нима бўлди? Эндигина дунёга келаётган жамоат назорати бўғиб ўлдирилди, лоқайдлик маъқулланди, оломон маданияти қўлланилиб, қонунчилик четга сурилди.

Энди-чи? Наҳотки бирор кун даҳшатли аварияларсиз ўтмай қолганини кўрмаётган бўлсак?! Ахир бизни, темирни қутуртирадиган ҳайдовчиларни жиловлашнинг ягона услуби жазо – аёвсиз жазо эканлигини унутиб қўйяпмиз.

Ҳар қандай муаммода дунёнинг ривожланган давлатларини мисол қилиб олишни хуш кўрамиз. Лекин ана ўша давлатларда йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим кўрсаткичини нолга тушириш бўйича ниҳоятда жиддий киришилган. Ўнлаб дастурлар амалга оширилади, ўлимга олиб келган ҳар бир авария батафсил ўрганилади. Биз эса фақат кўрган онимизда андак ачинамиз ва унутамиз. Лекин муаммо камаймаяпти, аксинча, кун сайин ошяпти ва ошишда давом этади ҳам.

Сабаблар оддий ва дунё қадар кўҳна:

1. Автомобиллар сони кун сайин кўпайяпти;

2. Мавжуд йўллар ва инфратузилма талаб даражасида эмас;

3. Тезликлар ошгани сари ҳайдовчи ва йўловчилик маданияти соат сайин пасайиб кетяпти;

4. Замонавий технологиялар шунча кенг қўлланишига қарамай, ваколатли органлар назоратни таъминлай олмаяптилар;

5. Энг муҳими, қоидабузарлик фақат жазодан қочиш учунгина қилинмайдиган, ҳеч ким кўрмаса, билмаса, албатта, қилинадиган одат тусига кириб улгурган.

Янгиликларни кузатинг, рақамлар даҳшатини ҳис қилинг. Дунёга тўймаган болалар ғилдираклар остида янчилмоқда! Биз эса ҳануз “козёл”ларни излаш билан бандмиз...

P.S.: Юқорида биз содир этилган аварияларнинг айримларинигина келтириб ўтдик! Қизиғи, ўтган 10 кун давомида коронавирусдан бор йўғи 12 киши вафот этган холос...

Аброр Зоҳидов

Top