21:27 / 21.05.2021
4911
Самарқандда АСКУЭ ҳисоблагичларига сервис хизмат кўрсатувчи марказ очилди

Ўзбекистонда 2021 йил 1 августгача электр энергияси истеъмолчиларини тўлиқ электрон ҳисоблаш ҳисоблагичлари билан қамраб олиш кўзда тутилган.

Бу вазифа «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида белгиланган. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими — АСКУЭга жами 7 миллион 418 мингдан зиёд истеъмолчини улаш режалаштирилган бўлиб, айни вақтда бу борадаги ишлар якуний босқичга келиб қолди.

Бугунги кунгача мамлакат бўйича жами 6 миллион 806 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Ўз-ўзидан энди мазкур турдаги ҳисоблагичларга сервис хизмати кўрсатиш заруриятини юзага келтиради. Ҳозиргача ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 4 миллион 793 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган бўлиб, ҳисоб-китоблар автоматик равишда амалга оширилмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан Самарқанд шаҳрида очилган марказ нафақат Самарқанд, балки Бухоро ва Жиззах вилоятлари учун ҳам хизмат кўрсатади. «KAIFA» русумли «ақлли ҳисоблагичлар»га сервис хизмат кўрсатувчи мазкур марказда ҳисоблагичлар билан боғлиқ ҳар қандай носозлик ўрганилиб, бартараф этилади.

Марказнинг очилиш маросимида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов иштирок этди.

«Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтишдан сўнг сервис хизматини ташкил этиш энг муҳим жараён ҳисобланади.

Чунки учта вилоят: Самарқанд, Жиззах ва Бухорога 1 миллион 400 мингдан ортиқ замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилган. Уларнинг барқарор ишлаши учун албатта сервис маркази керак. Бугун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «KT Corporation» компанияси билан биргаликда ташкил этилган ушбу марказ истеъмолчиларга улкан қулайлик яратади.

Бу, албатта, охирги хизмат кўрсатиш маркази эмас, бошқа вилоятларда ҳам ташкил этиш режалаштирилган», деди Жаҳонгир Обиджонов.

Мутасаддилар марказ фаолияти билан журналистларни жойида таништирди. «KT Corporation» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ин Ки Ким марказ ҳақда сўзлаб берди:

«Ушбу марказ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ кўмагида ташкил этилди. 2019 йилдан бери Ўзбекистонга 1 миллион 400 мингта «ақлли ҳисоблагичлар» олиб келдик. Ҳисоблагичлар марказлаштирилган ҳолда ишлайди. COVID-19 сабабли юзага келган пандемия шароитига қарамай, белгиланган режаларимизни амалга оширдик. Яна иккита вилоятда ҳам шундай марказлар очилади. Самарқанддагиси эса уларнинг энг йириги ҳисобланади. Марказ ҳисоблагичларда кузатилган нуқсонларни бартараф этади.

Бу ердаги ускуналарни «ҳисоблагичларнинг ҳисоблагичи» дейиш мумкин. Ускуналар ўта юқори аниқликда ишлайди. Жаҳон стандартлари билан солиштирадиган бўлсак, бу жиҳозлар энг юқори, «1-табақа» ускуналар сирасига киради», дейди Ин Ки Ким.

Жумладан, Марказда кафолатли бепул ёки пуллик хизмат кўрсатиш, ҳисоблагичдаги нуқсонларни бартараф этиш учун эҳтиёт қисмларни бошқариш, маълум даражадаги носозликларни таҳлил қилиш ҳамда ишдан чиққан электрон қурилмаларга хизмат кўрсатиш режалаштирилган.

Мазкур марказда 14 нафар малакали мутахассислар хизмат кўрсатади.

Шу билан бир қаторда Жиззах ва Бухоро вилоятларидаги техник офислар ҳам носозлик аниқланган ҳисоблагичларни таъмирлаш имкониятига эга.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ
матбуот хизмати

 
Top