16:01 / 29.05.2021
34170
«Ўзбекконцерт»га янги раҳбар тайинланди

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбариятида ўзгариш юз берди. Бу ҳақда маданият вазири Озодбек Назарбеков маълум қилди.

“Вазирликнинг ижро аппарати раҳбари, етук мутахассис, ўз ишининг устаси, мустақил фикрига эга, принципиал, маданияти ва маънавияти кучли, тўғрисўз, шунингдек, ҳамкасблари билан муносабатда дипломат, жамоанинг манфаати йўлида ўз шахсий манфаатларига қарши бора олишга қодир, вазирликнинг мақсади йўлида собитқадам, муносиб ўрнига эга ёш раҳбар Жамолиддин Узоқовга масъулиятли вазифа юкладик.

Турли масалаларда ўз шахсий фикрига эга эканини, асосийси, жамоа аҳиллигини таъминлашда, бир мақсад йўлида муштарак қилишда, ўз ишига жиддий ёндашган ҳолда принципиал позициядан туриб муассасанинг олдига қўйган мақсадларини амалга ошириш йўлида жонбозлик кўрсатишини инобатга олиб Жамолиддин Узоқовни вазирликда Ижро аппарати раҳбарлиги билан бир аснода, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси раҳбари лавозимига тайинладик”, деб ёзади Озодбек Назарбеков ўз телеграм-каналида

Маълумот учун, 2020 йилнинг ноябр ойи бошларида Маданият вазирлиги Концерт-томоша фаолиятини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Анвар Тожибоев “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. 

Ундан аввал, 2020 йил июн ойи бошларида 2017 йилдан буён муассасага раҳбарлик қилиб келган Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг бошқа ишга ўтгани муносабати билан муассаса директорининг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алишер Жамолиддинов вақтинча директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Top