17:23 / 02.06.2021
7944
Биокимёвий лабораториялар таҳдиди: улар қанчалик назорат қилинмоқда?

Назорат қилиш имконсиз бўлган вирус бир ярим йил ичида дунё бўйлаб қарийб 172 миллион одамга юқди ва миллионлаб одамлар ўлимига сабаб бўлди. Коронавируснинг келиб чиқишидан қатъи назар, ушбу ҳодисалар биохавфсизлик ва биологик таҳдидларга қарши кураш масаласини дунё кун тартибига олиб чиқди.

Расмий маълумотларга кўра, Covid-19 дунёда 3,5 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари ҳақиқий кўрсаткич камида 8 миллион бўлиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

АҚШ маъмурияти коронавируснинг дастлабки манбасини текшириш бўйича янги ташаббус бошлаганини эълон қилди. Шу нуқтайи назардан, вирус Хитойнинг Уҳан шаҳридаги лабораториядан тасодифан чиқиб кетганми ёки йўқми деган савол яна бир бор текширилади.

Йил бошида ЖССТ томонидан ўтказилган текширувда ушбу эҳтимол «жуда заиф» деган хулосага келинганди. Аммо ўлимвор вируснинг лабораториядан сизиб чиқиш эҳтимоли ҳамиша мавжуд.

Шу муносабат билан, биологик уруш бўйича етакчи мутахассислардан бири G7 гуруҳига кирувчи ривожланган мамлакатларни бу борадаги чораларни кучайтириш кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, назорати паст бўлган лабораториялар террористик ҳужумларни амалга оширишни истаганлар учун нишон бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Полковник Ҳэмиш де Бреттон-Гордон – Британиянинг кимёвий, биологик, ва ядровий уруш бўлинмасига қўмондонлик қилган собиқ ҳарбий. Кейинчалик у академик ҳаёти давомида Ироқ, Сурияда олиб борилган кимёвий ва биологик урушларнинг таъсирини ўрганган.

«Афсуски, мен ҳаётимнинг кўп қисмини назоратдан чиқиб кетган ҳукуматлар бошқаларга зарар етказмоқчи бўлган жойларда ўтказдим. Менимча, ушбу турдаги (кимёвий-биологик) қуроллар устида иш олиб борувчи лабораториялар террорчилар ва бошқалар учун очиқ ва қулай нишондир, бизнинг вазифамиз буни улар учун имкон қадар қийинроқ қилиш», дейди у.

Назорат қай даражада кучли?

Хавфли вируслар ишлаб чиқариладиган ва вирусологик тадқиқот олиб борилувчи лабораториялар устидаги халқаро назорат хавотирланарли даражада суст.

Касалликларни келтириб чиқарадиган турли микроблар устида тадқиқот олиб борувчи лабораториялар текширилаётган патогенларнинг потенциал хавфига қараб 1дан 4гача таснифланади.

Дунёда энг хавфли даража – 4-тоифага кирувчи 50дан ортиқ лаборатория мавжуд. Улардан бири – Британиянинг энг махфий биологик ва кимёвий тадқиқот лабораторияси жойлашган Солсбери яқинидаги Портон-Даун.

Портон-Даун хавфсизлик нуқтайи назаридан «олтин стандарт»га эга деб айтилади. 4-тоифадаги лабораториялар кўпинча қаттиқ назорат қилинади. Аммо 3-тоифадаги лабораториялар сони кўп бўлса-да, улар нисбатан кам текширилади. Полковник де Бреттон-Гордоннинг айтишича, дунёда ушбу тоифага кирадиган 3 мингдан ортиқ лаборатория мавжуд.

Уларнинг аксарияти тиббий тадқиқотлар олиб боради, шунингдек, Covid-19 каби вируслар устида тажрибалар ўтказиш мумкин.

Эрон, Сурия ва Шимолий Корея каби дунё шубҳа билан қарайдиган мамлакатларда ҳам бундай лабораториялар мавжуд.

Кимёвий қуроллар қандай назорат қилинади?

Кимёвий қуроллар назорати биологик таҳдидларга қараганда анча яхши тартибга солинган.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (OPCW) 1997 йилда Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция асосида ташкил этилган ва ҳозирги кунда 193 мамлакат ушбу ташкилотга аъзо ҳисобланади. Ташкилот кимёвий қуролларни ноқонуний тадқиқ қилишнинг олдини олиш учун ўз аъзоларини де-факто текшириш ҳуқуқига эга.

Суриядаги воқеалар кўрсатиб турибдики, кимёвий қурол ишлаб чиқариш ва ишлатилишининг ҳар доим ҳам олдини олиб бўлмайди, аммо OPCW фаол ва самарали ташкилот.

Таъкидлаш жоизки, биологик қуролларни тадқиқ қилиш назорати у қадар қаттиқ эмас. Биологик ва токсик моддаларни қурол сифатида ишлатишни тақиқловчи Биологик қуроллар тўғрисидаги конвенция (BWC) 1975 йилда кучга кирган. Аммо ушбу конвенцияни имзолаган давлатлар сони нисбатан кам ва аъзолар тўлиқ қабул қилиши мумкин бўлган назорат усули бўйича ҳеч қачон келишув бўлмаган.

Полковник де Бреттон-Гордон дунёдаги биологик тадқиқотлар марказлари томонидан туғилиши мумкин бўлган хавф G7 саммитининг июнь ойидаги кун тартибига киришига умид қилмоқда ва шу мақсадда Буюк Британия ҳукуматини лобби қилмоқда. Уни ушбу фаолиятда АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ раҳбари, истеъфодаги генерал Дэвид Патреус ҳам қўллаб-қувватламоқда.

«Менимча, ҳар бир АҚШ президенти бундай таклифни қўллаб-қувватлашни хоҳлайди. Дунё раҳбарлари бу борада олдинга қадам ташлаши керак. Шимолий Корея сингари баъзи давлатлар ўз сабабларини рўкач қилиб, қарши чиқишлари мумкин, аммо назаримда, дунё раҳбарларининг аксарияти бу қадам ташланишини хоҳлайди», дейди Патреус.

Мамлакатлар ўнлаб йиллар давомида ядро қуроллари назоратига эътибор қаратди, кейин эса кимёвий қуроллардан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни тўхтатишга ҳаракат қилди. Аммо кимёвий қуроллар кўплаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлди. Мисол тариқасида 1988 йилда Ироқдаги курдларга қарши ишлатилган қуролларни, шунингдек, Суриядаги фуқаролик урушларида қўлланган қуролларни келтириш мумкин.

Аммо коронавирус туфайли 8 миллион одам ўлган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олсак, сони 3 мингдан ошган ва яхши назорат қилинмайдиган лабораториялардан келиб чиқиши мумкин бўлган улкан биологик таҳдиднинг кўлами нақадар катта ва таҳликали бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Top