20:31 / 08.06.2021
11365
Ўзбекистоннинг расмий захиралари илк марта 35 млрд доллардан ошди

Май ойи давомида олтин-валюта захиралари таркибида монетар олтин ҳажми қарийб 12,5 тоннага камайишига қарамай, олтин қимматлашиши фонида захираларнинг умумий қиймати 1,4 миллиард долларга ошган.

Фото: Shutterstock

2021 йил 1 июнь ҳолатига, Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 35,5 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Таққослаш учун, 1 май ҳолатида республиканинг расмий захира активлари 34,1 миллиард долларни ташкил қилган.

Захираларнинг кескин ошишига жаҳон бозорида олтин нархининг тиклана бошлаши асосий сабаб бўлганини тахмин қилиш мумкин. Чунки ўтган бир ой давомида олтин ҳажми 11,7 миллион троя унциядан 11,3 троя унцияга (тахминан 12,44 тонна) камайган бўлса-да, унинг қиймати 20,7 миллиард доллардан 21,4 миллиард долларга кўпайган.

Захиралардаги олтин ҳажми камайгани Ўзбекистон бир неча ойлик танаффусдан кейин илк марта монетар олтин экспорт қилганини англатади.

Маълумот учун, март ойидан бошлаб жаҳон бозорида олтин нархида пасайиш кузатила бошлаган эди. 2021 йил феврал ойида олтиннинг бир унцияси 1834 доллар бўлган бўлса, март ойида 1724 долларга тушган, апрел ойида 1775 долларга кўтарилиб, 31 май куни эса нарх 1904 долларга етган. Эслатиб ўтамиз, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармаси стандартлари асосида юритилади. Ўзбекистон олтин-валюта захиралари таркибининг жуда катта қисми хорижий валюта активлари ва қуйма шаклдаги монетар олтиндан иборат.

Шунингдек, хорижий валюта активлари ҳам ўтган давр мобайнида 579 миллион долларга ошган.

Республика халқаро захираларида 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатида олтин 21,4 млрд долларни, хориж валюта активлари эса 13,7 млрд долларни ташкил этмоқда.

35,5 млрд доллар – расмий захиралар миқдори эълон қилина бошлаган 2017 йилдан кейинги даврда кузатилган энг юқори миқдор.

Top