08:09 / 10.06.2021
6419
Тошкентда газ баллони ўрнатилган автомобиллар техник ҳолати текширилмоқда

Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари газ баллони ўрнатилган автомобилларнинг техник регламентга мувофиқлигини текшириш ишларини олиб боришмоқда. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар қилди.

Билдирилишича, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида автомобиль ҳайдовчилари томонидан автомобилдан фойдаланиш қоидалари бузилгани оқибатида газ баллони жиҳозлари портлаши билан боғлиқ ҳолатлар техник регламент талабларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатган.
  
Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбарияти томонидан 4 июнь куни мазкур йўналиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 ноябрдаги  “Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 326-сон қарори, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги “Автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ривожлантириш ва автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичли ўтказиш ҳамда уларда газ баллони асбоб-ускуналарини хавфсиз ишлатишни таъминлаш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 815-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида” умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 191-сон қарори билан тасдиқланган ИИВнинг 2021 йил 15 май кунидаги 24/3-7331-сон кўрсатмасига асосланган махсус тадбир уюштирилди.

Тошкентнинг автомобилларга газ тўлдириш станцияларида ўтказилган текширувлар давомида бир қатор жиддий қоидабузарликлар қайд этилган. Жумладан, автомобилларга газ тўлдириш станциялари ходимлари белгиланган техник регламент талабларига риоя қилмасликлари, ўрнатилган газ баллони жиҳози далолатномаси муддати ўтганини текшириш ишлари (опрессовка) ўтказилмаслиги аниқланди. Ушбу омил сиқилган табиий газ концентрациясининг маълум даражадан ошиш хавфини туғдириб, кейинчалик портлашга сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек аниқланишича, транспорт воситаларида ўрнатилган газ баллонлари давлат стандарти талабларига мувофиқ эмаслигига қарамасдан, улар ҳатто меъёрдан ошиқ даражада газ билан тўлдирилмоқда. Натижада, газ баллонидаги босим белгиланган 200 МПа меъёридан ошмоқда.

Масалан:

  • Учтепа туманидаги “POWER-AVTO GAZ” МЧЖда “Nexia” автомобили текширилганда газ босими 250 МПа экани маълум бўлди;
  • Миробод туманидаги “Миробод Метан” МЧЖ АГЁҚШдан чиқиб келаётган “Cobalt” автомобили кўздан кечирилганда, ундаги газ босими кўрсаткичи 220 МПани ташкил этди;
  • Чилонзор туманидаги “Ташбус ГАЗ сервис” МЧЖ АГЁҚШдан чиқиб келаётган “Cobalt” автомобили текширилганда, газ босими 210 Мпа экани аниқланди;
  • Яшнобод туманидаги “Газ тўлдириш станцияси” МЧЖдан чиқиб келаётган “Зил-138” юк автомобили кўздан кечирилганда, газ баллони жиҳози далолатномаси (опрессовка) муддати ўтгани аниқланди;
  • Олмазор туманидаги “Carat Gaz-oil” МЧЖга тегишли АГЁҚШдан чиқиб келаётган “Spark” автомобили кўздан кечирилганда, ундаги газ босими 240 МПани ташкил этди;
  • Бектемир тумани “Бектемир метан” МЧЖга тегишли АГЁҚШдан чиқиб келаётган “Damas” автомобили текшируви ундаги газ босими 230 МПа эканини кўрсатди;
  • Сергели туманидаги “Шаффоф метан сервис” МЧЖга тегишли АГЁҚШдан чиқиб келаётган “Labo” автомобилининг газ босими 220 Мпа, “ВАЗ 2101” автомобилининг газ босими 210 МПани ташкил этиб, шунингдек унда газ баллони жиҳози далолатномаси (опрессовка) муддати ўтгани аниқланган.

“Газ баллони жиҳозларидан фойдаланиш қоидалари бузилиши жиддий жароҳат ёки ҳатто ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўришингизни сўраймиз. Белгиланган вақтда газ баллони жиҳози далолатномаси муддати ўтганини текшириш ишларини (опрессовка) ўтказинг. Бахтсиз ҳодиса сизни четлаб ўтишидан умид қилиб юриш – катта хатодир. Ушбу масалада масъулиятни ҳис қилиб иш тутишингиздан умидвормиз”, дейилади хабарда.

Top