20:23 / 01.07.2021
10444
Президент селекторида хусусийлаштириш бўйича янги вазифалар белгиланди

Маълум қилинишича, энди давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

1 июл куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат активларини хусусийлаштириш соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Расмий релизга кўра, жорий ва келгуси йилда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш бўйича иш олиб борилмоқда.

2020 йил 27 октябрда “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” фармон қабул қилинган эди. Шу асосда жорий йилнинг биринчи ярмида 478 та давлат мулки 1 триллион 100 миллиард сўмга сотилди.

Лекин, бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўп. Хусусан, сотилиши белгиланган 556 та мулкдан 288 таси савдоларга чиқарилмаган. Шунингдек, давлат корхоналари ва банклар ихтиёрида уларнинг асосий фаолиятига хос бўлмаган 511 та объект ҳалигача сотилмасдан турибди.

Йиғилишда хусусийлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш, аукционда қатнашиш тартибларини соддалаштириш ва иштирокчилар сонини кўпайтиришга қаратилган вазифалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йилда 900 дан ортиқ давлат мулки сотувга қўйилади. Энди давлат мулкларини “1 сўм” қийматда савдога чиқариш, ер участкаларини инвестиция мажбурияти билан сотиш амалиёти бекор қилинади ва улар бозор баҳосида электрон савдоларга чиқарилади.

Бундан ташқари, онлайн аукционда қатнашиш учун тўловлар бекор қилинади ва тадбиркорларга электрон рўйхатдан ўтиш харажатлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан қоплаб берилади. Аукционда мулкни сотиб олганда, тўлов муддати ҳозирги 5 кундан 15 кунгача узайтирилади.

Бундан буён, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларнинг бино-иншоотлари, транспорт воситаларини сотиш ва ижарага беришни фақат электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилади.

Мутасаддиларга ушбу янги тартибларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқиш топширилди.

Тошкент шаҳридаги 13 та йирик кўчмас мулк объекти ҳамда 11 та тармоқ корхоналаридаги давлат улушларини хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, сотувга чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ўз ваколатидаги 154 та бўш турган объектни бир ой муддатда савдога чиқариш вазифаси қўйилди.

Ҳокимликлар томонидан сотувга чиқарилган мулклар сотилганда, ҳудудлар ихтиёрида қоладиган маблағлар улуши 73 фоиздан 87 фоизга ошириладиган бўлди. Бу маблағлар вилоят ва туманлар (шаҳар) бюджетлари ўртасида тенг тақсимланади.

Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат корхоналари ҳамда банкларнинг асосий фаолиятга хос бўлмаган ва бўш турган объектларини тўлиқ қайтадан хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича топшириқ берилди.

Фаолият юритмаётган ёки зарар кўриб ишлаётган корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва модернизация қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Top