19:46 / 08.07.2021
49190
Қонунчилик палатаси депутати коронавирус туфайли вафот этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Экология партияси вакили Абдураҳим Эшонқулович Қурбонов 47 ёшида коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. 

«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Меҳнаткаш, фидойи инсон Абдураҳим Қурбоновнинг ёрқин хотираси депутатлик корпуси вакилларининг қалбида мангу яшайди», дейилади парламент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган таъзияномада.

Абдураҳим Қурбонов 1974 йилда Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган, 1996 йили Термиз давлат университетини тамомлаган, тарих фанлари номзоди бўлган.

У 1999 йилдан 2001 йилгача Термиз давлат университетида аспирант, ўқитувчи, сўнгра университетнинг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган.

2009 йилда у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида иш бошлаган. 2010—2019 йилларда Қонунчилик палатасининг Қонунчилик, суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси бўлган. 2019 йилда Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқий масалалар қўмитаси аъзоси лавозимини эгаллаган.

2019 йил декабрида 80-Қизириқ сайлов округидан яна бир бор Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган, Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Қонунчилик палатасининг яна бир депутати, журналист Сафар Остонов ҳам коронавирус оқибатларидан вафот этганди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top