20:11 / 19.07.2021
1364
Самарқандда ўз даласига ноқонуний тарзда тамаки эккан фермерга чора кўрилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ўз тасарруфидаги ер майдонининг бир қисмига ноқонуний тарзда тамаки эккан фермерга чора кўрилган. Бу ҳақда «Ўзагроинспекция»нинг Каттақўрғон тумани бўлими хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, «Ўзагроинспекция»нинг Каттақўрғон тумани бўлими томонидан 2021 йил ҳосили учун режалаштирилган экин турлари экилиши юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилган. Унда, туманнинг «Бўстон» муқобил машина трактор парки ҳудудида жойлашган «Эштурдиев Шербек даласи» фермер хўжалиги томонидан, 2021 йил пахта ҳосили учун мўлжалланган 6,3 га ер майдонида ноқонуний равишда тамаки етиштирилаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувда аниқланишича, Каттақўрғон тумани ҳокимининг 2021 йил 13 мартдаги 230-сонли қарорига асосан, «Эштурдиев Шербек даласи» фермер хўжалиги томонидан 42 гектар ер майдонида пахта, 33 гектар ерда ғалла, 8 гектар мойли экинлар, 7 гектарда сабзавот ва 2,5 гектар ер майдонида картошка экиш режалаштирилган.

Аммо, фермер хўжалиги раҳбари ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармасдан, мойли экинлар экилиши режалаштирилган ер майдонининг 6,3 гектарида ноқонуний равишда тамаки, 1,5 гектар ер майдонида маккажўхори экинларини экиб, парваришлаган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида кўриб чиқилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан, «Эштурдиев Шербек даласи» фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198-моддаси 1-қисми билан маъмурий жазо чораси белгиланган.

Top