11:50 / 27.07.2021
4424
Тошкент шаҳрининг икки туманида электр таъминотида аварияли узилиш кузатилди

Кеча, соат тахминан 21:00да Шайхонтоҳур ҳамда Олмазор туманларининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминловчи ТДТН 25 000 кВА ПС “Фаробий” подстанциясининг юқори кучланишли электр узатиш тармоғида аварияли узилиш кузатилган.

"Тошкент шаҳар ЭТК" АЖ матбуот хизматининг хабар қилишича, бунга сабаб - Олмазор тумани Кичик ҳалқа айланма йўли ҳудудида жойлашган 110/35/10 кВ кучланишли трансформатор подстанциясида об-ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида юклама ортиб кетган ҳамда трансформаторда қизиш натижасида фавқулодда ёнғин юзага келган, натижада тармоқ авария ҳолатида ўчган.

Носозликни қисқа вақт ичида бартараф этиш ишлари “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбарияти томонидан тўлиқ назоратга олиниб, барча зарурий чоралар кўрилган.

Носозлик бартараф этилгунга қадар авария ҳолатида ўчган куч трансформаторидаги ёнғинни бартараф этиш ҳамда ходимлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, биринчи Т-1 куч трансформатори вақтинча тармоқдан ажратилган. Соат тахминан 23:00лар атрофида ёнғин бартараф этилганидан сўнг, ушбу подстанциядаги иккинчи Т-2 куч трансформатори ишга туширилиб, истеъмолчилар соз ҳолатдаги трансформаторга ўтказилган.

Маълум қилинишича, юқори кучланишли ТДТН 25 000 кВА ПС “Фаробий” подстанцияси Шайхонтоҳур туманининг Янги Белтепа, Белтепа, Янги Жарариқ, Эски Жарариқ, Ибн Сино 1, Ибн Сино 2, Ҳувайдо, Бўстон ва қисман Ипакчи ҳамда Олмазор туманининг М.Ғолиб маҳалласи ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди.

Кеча соат тахминан 23:00лар атрофида “Фаробий” подстанциясидаги носозлик бартараф этилиб, куч трансформатори соз ҳолатда иш режимига қўйилган.

Top