22:34 / 30.07.2021
14026
Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 32 фоизга қисқарди

2021 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб учдан бир қисмига кам бўлди.

Фото: Global Look Press

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2021 йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш тенденциялари шарҳини тақдим этди. Унда жорий йилнинг ярим йиллигидаги саноат ишлаб чиқариш статистикаси ҳам келтирилган.

Эътиборлиси, йилнинг 6 ойида нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш (жами саноатдаги улуши – 2,6 фоиз) 32,1 фоизга қисқарган. Бироқ бунинг сабаблари келтирилмаган.

Маълумотларга кўра, ярим йилда автотранспорт воситалари, трейлерлар ва яримприцеплар ишлаб чиқариш (улуши – 7 фоиз) – 17,3 фоизга қисқарган. Ишлаб чиқаришда энг кескин камайиш йилнинг биринчи чорагига тўғри келади. Бу даврда қисқариш 38 фоизни ташкил қилган.

Шарҳда ишлаб чиқариш қисқаришига UzAuto Motors AЖда 2020 йил 20 декабридан 2021 йил 1 февралига қадар Aсака заводи фаолияти вақтинча тўхтатилгани, шунингдек, глобал бозордаги яримўтказгичли микросхемалар танқислиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Саноат ишлаб чиқаришда юқори ўсиш кузатилган маҳсулотлар қаторига компютерлар, электрон ва оптик маҳсулотлар (81 фоиз), тўқимачилик (23,4 фоиз), кийим-кечак (17,3 фоиз), металлургия (13 фоиз), қурилиш материаллари (9,5 фоиз) кирган.

Aсосий фармацевтика маҳсулотлари ва препаратлари ишлаб чиқариш эса 7,1 фоизга қисқарган.

Электр энергияси ва газ

Электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,8 фоизга ошган бўлса, унинг истеъмоли 10,2 фоизга кўпайган. Бунда аҳолига етказиб берилган электр энергияси ҳажми 7,3 фоизга ва хўжалик юритувчи субъектларга 11,4 фоизга ошган.

Бир ойлик ўртача электр энергияси истеъмоли 2021 йил январ-июн давомида ўтган 2020 йилга нисбатан 330 ГВт/соатга (7 фоиз) ортиши кузатилган. Электр энергиясининг импорти 2,6 млрд кВт/соатни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,9 фоизга ошган.

Табиий газни қазиб чиқариш ҳажми (26,2 млрд куб м) 3,6 фоизга ошган бўлса-да, унинг умумий ички истеъмоли ҳажми (21,6 млрд куб м) тезроқ суръатларда – 7,5 фоизга ўсган.

Табиий газга бўлган қўшимча талаб 2,1 млрд куб м импорт ҳисобига таъминланган. Хусусан, аҳоли истеъмоли – 9,3 фоизга, ИЭС – 4,4 фоизга, “Ўзкимёсаноат” AЖ – 8,6 фоизга, “Ўзқурилишматериаллари” уюшмаси – 23,8 фоизга, AГНКС 29,6 фоизга ошган.

Top