23:50 / 14.09.2021
35515
Олимлар коронавирусга қарши ревакцинация бефойда эканлигини маълум қилди

Олимларнинг фикрича, агарда бустер доза (учинчи эмлатма) организмга жуда эрта ёки жуда тез киритилса, миокардит келтириб чиқариши ёки Гийена-Барре синдромига сабаб бўлиши мумкин.

Коронавирусга қарши оммавий ревакцинация бефойда ва ножўя таъсирлар келтириб чиқариши мумкин. Таркибида ЖССТ бош илмий ходими Сумя Сваминатан ва ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича дастури ижрочи директори Майкл Райан бўлган халқаро олимлар гуруҳи ана шундай хулосага келди.

Уларнинг The Lancet журналида чоп этилган мақоласида айтилишича, коронавирусга қарши қайтадан эмлаш ножўя таъсирлар келтириб чиқариши мумкин. 

Олимларнинг фикрича, агарда бустер доза (учинчи эмлатма) организмга жуда эрта ёки жуда тез киритилса, миокардит келтириб чиқариши мумкин (гап Pfizer ва Moderna вакциналари ҳақида) ёки Гийена-Барре синдромига сабаб бўлиши мумкин («Спутник V» ва AstraZeneca вакциналари назарда тутилмоқда).

«Коронавирусга қарши дастлабки вакцинация касаллик юқишининг олдини олиши аниқ бўлса-да, бустерлардан жуда эрта ёки тез-тез фойдаланиш оқибатида бошқа хавфлар пайдо бўлиши мумкин», — дейилади мақолада.

Олимларнинг таъкидлашича, коронавируснинг делта-штамми келтириб чиқарган янги тўлқини аксарият давлатлар ҳукуматларини эмланган аҳолини яна эмлаш тўғрисида ўйлашга мажбур қилди.

Уларнинг сўзларига кўра, қўшимча эмлашнинг фойдаси ишончли маълумот ва таҳлиллар асосида тасдиқланмайдиган бўлса, бу вакциналарга бўлган ишонч сусайишига ва дастлабки эмлаш борасидаги ҳаракатларнинг йўққа чиқишига олиб келиши мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, дастлабки эмлашдан сўнг иммунитет пайдо бўлмаган одамларда бустер дозадан кейин ҳам иммунитет ҳосил бўлмаслиги мумкин.

БМТ маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи ўз аҳолисининг 57 фоизини тўлиқ эмлаб бўлган, Франция ва Британияда эса вакцинанинг бустер дозалари қўлланмоқда. Аввалроқ АҚШда ҳам коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи дозаси билан эмлаш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Top