10:03 / 01.10.2021
4735
Шимолий Корея бир ҳафта ичида иккинчи ракета синовини ўтказди

Шимолий Кореянинг Марказий телеграф агентлиги мамлакатда янги зенит ракетаси синови ўтганини маълум қилди. Бу Шимолий Кореяда бир ҳафта ичида амалга оширилаётган иккинчи ракета синови ҳисобланади.

Шимолий Корея мудофаа фанлари академияси ўзи ишлаб чиққан янги ракета синовини 30 сентябрда ўтказган. Унинг давомида ракетанинг, учириш қурилмаси, радар ва жанговар бошқарув машинасининг кўрсаткичлари текширилган.

Синов боришини Шимолий Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси вакиллари ва котиби Пак Чон Чхон кузатишган.

Шимолий Корея 28 сентябрда ўз тарихида биринчи марта янги гипертовушли ракета “Хвасон-8” синовини ўтказганди. Таъкидланишича, мамлакат етакчиси Ким Чен Ин синовда иштирок этмаган. Аввалроқ у парламентнинг янги сессияси очилишини ҳам ўтказиб юборган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Шимолий Кореянинг ракета синовларидан хавотир билдирган ва бу хатти-ҳаракатлар минтақада барқарорлик ҳамда хавфсизликка рахна солишини айтган.

Top