12:00 / 09.10.2021
13423
БухДТИ талабалари Қоракўл аҳолисига кенг тарқалаётган касалликларга қарши курашишда ёрдам беряпти

Бухоро давлат тиббиёт институтининг клиник кафедралари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган. Бу сафар институт ректори Шуҳрат Тешаев бошчилигидаги талабалар Қоракўл туманида бўлишди.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат

Соғлом турмуш тарзининг қарор топиши, жумладан, фаол жисмоний ҳаракатда бўлиш, тўғри овқатланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Ҳозирда бутун дунё глобаллашув асрида яшамоқда. Технологияларнинг ривожланиши, турмуш тарзининг ўзгариши билан одамларнинг ҳаракатланиши ва жисмоний меҳнат билан шуғулланиши камайди. Тамаки маҳсулотлари чекадиган ва спиртли ичимлик ичадиган инсонлар кўпайди. Таркибида ёғ, қанд ва туз миқдори юқори бўлган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ошди. Шунингдек, аҳолининг овқатланиш одатлари ўзгарди, жумладан, сабзавот ва меваларни етарли истеъмол қилмаслик, тузни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳолатлари ҳам кўпайди. Бу эса ўз навбатида, турмуш тарзининг ўзгариши, тана вазнининг ортиши, семизлик, қонда холестерин миқдорининг ошиши ва оқибатда, юқумли бўлмаган касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат
Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат

Бундай глобаллашув шароитида юқоридаги ҳолатлар дунё давлатлари қатори юртимиз учун ҳам хос бўлиб боряпти. Шу боис ушбу вазиятга давлатимиз томонидан жиддий ёндашилмоқда. Президентимиз 2021 йил 21-22 январ кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳам соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор бергани бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўплигидан далолат. Ташриф давомида Президент институт ректорига узоқ туманларда институтнинг клиник кафедралари фаолиятини йўлга қўйиш ва мунтазам фаолият олиб борилишини назорат қилиш вазифасини топширган эди. Шунга мувофиқ, Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасида Бухоро давлат тиббиёт институтининг "Пульмонология ва фтизиатрия" ҳамда "Онкология ва тиббий радиология" кафедралари филиали ташкил этилган эди. Мазкур кафедралар бугунги кунда иш фаолиятини олиб бормоқда.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат

Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Шуҳрат Тешаев бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар ва талабалар Қоракўл туман тиббиёт бирлашмасида амалий машғулотларда иштирок этишди. Бирлашма бошлиғи Элёр Олтиев талабалар билан биргаликда шифохонада даволанаётган беморлар билан мулоқот қилди. Бу ерда ташкил этилган янги гемодиализ маркази фаолияти билан таништирди.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат
Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмат

Бундан ташқари, талабалар ҳудуд аҳолиси орасида грипп ва ўткир респираторли касалликлар, қандли диабет, ортиқча вазн ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларини олиб боришди. Шу билан бирга, хонадонларда бўлиб, аҳолига институтда тайёрланган гриппдан ҳимояланиш ҳақида маълумотларга эга буклет ва тарғибот материалларини тарқатишди.

Бухоро давлат тиббиёт институти ахборот хизмати Ⓣ

Top