21:14 / 22.10.2021
16615
2021 йил учун давлат бюджетига яна ўзгартиришлар киритилди

Сенатнинг 20–21 октябрь кунлари бўлиб ўтган XX ялпи мажлисида 2021 йилги давлат бюджети параметрларига ўзгартириш киритиш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: Shutterstock

2021 йил учун харажатлар прогнози қуйидагича ўзгартирилиши кўзда тутилмоқда:

  • инвестиция дастурлари учун – 6 трлн сўм;
  • айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини, ойлик лавозим миқдорларини ошириш билан боғлиқ иш ҳақи ва унга тенглаштирилган харажатларни молиялаштириш учун – 1,4 трлн сўм;
  • мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатлари учун – 1,4 трлн сўм;
  • коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун қўшимча маблағ захирасини яратишга – 1,3 трлн сўм ажратилади;
  • “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришга – 1,3 трлн сўм;
  • давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларига қўшимча субсидия ажратиш учун учун – 1,1 трлн сўм
  • автомобиль йўлларини ривожлантириш учун – 1,07 трлн сўм;
  • туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун 500 млрд сўм;
  • қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, яъни 50 та давлат МТТ ва 50 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчаларга имтиёзли кредит бериш учун – 280 млрд сўм;
  • Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Булунғур сум омборини қуриш, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги Дарёоралиқ сув омборини хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлаш учун – 200 млрд сўм;
  • Ургут эркин иқтисодий зонасининг Мерганча ва Сартиқтепа мавзеларида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарини узлуксиз электр билан таъминлаш мақсадида Ургут туманидан ўтувчи юқори кучланувчи электр узатиш тармоқларидан алоҳида тармоқ чиқарган ҳолда нимстанция қуриш учун – 150 млрд сўм;
  • соғлиқни сақлаш тизимидаги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, жумладан, Эндокринология муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун – 140 млрд сўм;
  • Геология университетининг қурилишига – 136 млрд сўм
  • Боёвут, Қарши, Бўстон, Тўрақўрғон, Олот туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида белгиланган чора-тадбирларни молиялаштириш учун – 110 млрд сўм;
  • “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш, умумтаълим мактабларини жиҳозлаш харажатларига қўшимча – 83 млрд сўм;
  • давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ижара тўловининг 50 фоизини қоплаб бериш учун – 72 млрд сўм;
  • янги ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги ва давлат органлари, ташкилотларининг тумандаги бўлинмаларига маъмурий бинолар қуриш ҳамда уларни жиҳозлаш учун – 25 млрд сўм.

 “Қўмитамизга “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун келиб тушди. Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси 45-моддасига асосан молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш, бюджет харажатларини мақбуллаштиришдан иборат.

Сенатда молия вазирининг ҳисоботини кўриб чиққанимизда 2021 йилнинг 1-ярмида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг жами даромадлари 91,3 трлн сўм ёки белгиланган прогнознинг 53 фоизини ташкил этганидан хабаримиз бор. Бу кўрсаткич давлат бюджети даромадларини маълум миқдорда кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ҳисоб-китобларга кўра, йил якунига қўшимча манбалар ҳисобидан даромадлар тушумининг кўпайиши, жумладан, давлат бюджети даромадлари қабул қилинган қонунда белгиланган 142,7 трлн сўм ўрнига 173,1 трлн сўмни ташкил қилиши кутиляпти.

Шу билан бир қаторда давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,1 трлн сўм ўрнига 28,2 трлн сўмни ташкил қиляпти. Давлат бюджети даромадларининг кўпайиши салкам 26 трлн сўмни ташкил қиляпти. Бу маблағлар, албатта, қўшимча равишда харажат қилиниши белгиланишини талаб қилади.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, давлат мақсадли жамғармалари харажатлари белгиланган 40,7 трлн сўм ўрнига 40,8 трлн сўм миқдорида ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг харажатлари 13,4 трлн сўмдан 24,2 трлн сўмга кўпайиши кутилмоқда.

Даромадларнинг кўпайиши ҳисобига маълум бир миқдордаги харажатларни молиялаштиришга маблағ ажратилиши кўзда тутиляпти. Шу муносабат билан “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунининг давлат мақсадли жамғармалари прогнози ва харажатлари тўғрисидаги 3-иловасига мувофиқ ўзгартириш киритилмоқда ҳамда харажатларнинг кўпайиши, яъни молиялаштириш миқдори ортиши муносабати билан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари оширилмоқда”, – дея таъкидлаган Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев.

Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, қонун билан ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилган. Амалга оширилиши режалаштирилаётган ана шу тадбирларнинг давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари тақчиллигининг тасдиқланган миқдори доирасида бўлиши ҳам назарда тутилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ойида ҳам 2021 йил учун давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилганди.

Top