10:59 / 28.10.2021
3023
Дунёда ихтилофлар оқибатида қочқинга айланганлар сони рекорд даражага етди

Дунёда қуролли ихтилофлар сабабли қочқинга айланган одамлар сони рекорд даражага етди. БМТнинг ички кўчган шахслар бўйича махсус маърузачиси Сесилья Хименес-Дамари БМТ Бош ассамблеясининг учинчи қўмитаси йиғилишидаги чиқишида қуролли ихтилофлар сабабли ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган шахслар сони 48 млнга етганини маълум қилган.

Фото: Getty Images

Мутахассиснинг таъкидлашича, бу тарихда қайд қилинган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

“Қуролли ихтилофлар ва зўравонлик тобора кучаяётган ҳозирги шароитда инсон ҳуқуқлари ва халқаро инсонпарварлик ҳуқуқига амал қилинишини таъминлаш борган сари мураккаблашмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Хименес-Дамари.

У бундай ихтилофлар аҳолининг бир жойдан иккинчи жойга кўчишига олиб келувчи табиий офатлар билан янада оғирлашиши мумкинлигини қўшимча қилган. Эксперт бунга мисол тариқасида коронавирус пандемиясини келтириб ўтган.

Сентябрда Европарламент Афғонистонда ҳокимият тепасига “Толибон” келгандан кейин ушбу давлатдан мигрантлар оқими кўпайишига тайёр туришга чақирган. Европалик депутатлар ҳимояга муҳтож афғон аёлларига махсус виза дастурини йўлга қўйишни ҳам таклиф қилишган.

Еврокомиссия маълумотларига кўра, Афғонистонда аҳолининг ички кўчиши даражаси юқорилигича қолмоқда. Мамлакатда 2020 йил охиридан ва 2021 йил бошидан бери мос равишда 3 млн ва 550 минг киши ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган.

Ўз навбатида, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш барча давлатларни афғон қочқинларини қабул қилишга ва уларни депортация қилмасликка чақирган.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти афғон қочқинларини хавфсиз жойга кўчириш учун 900 млн доллар ажратган.

Top