20:28 / 16.11.2021
4113
Судга Meta компаниясига қарши 100 миллиард долларлик даъво берилди
Фото: AP

АҚШнинг Оҳайо штати прокуратураси Марк Цукербергнинг Meta (аввалги Facebook) компаниясини судга берди. Даъво компаниянинг собиқ ходимаси Фрэнсис Хауген кўрсатмаларига асосланган. Бу ҳақда штат прокурори Дэйв Йост маълум қилди.

Даъво аризаси штатнинг пенсия компанияси OPERS ва Meta’нинг бошқа инвесторлари томонидан берилган. Улар ўзлари кўрган зарарни 100 млрд долларга баҳолашмоқда.

Жавоб берувчилар сифатида нафақат компания, балки Марк Цукерберг ва қолган раҳбарлар кўрсатилган.

Даъво аризасида компания ўз алгоритмлари борасида ёлғон хабар бергани ва ўз дастурлари фойдаланувчиларга етказиши мумкин бўлган зарарни яширгани айтилган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, компания раҳбарияти акциялар нархини ошириш мақсадида ўз дастурларининг “хавфсизлиги, ҳимоялангани ва маълумотлар махфийлигини таъминлашини” айтиб, қимматбаҳо қоғозлар ҳақидаги қонунни бузган.

“Компания Facebook маҳсулотлари болаларга зиён етказмаслиги, зарарли контент тарқатилишини тўхтатиш учун самарали ва беаёв чоралар кўриши, ўз стандартларини барча фойдаланувчиларга бирдек қўллашини айтиб, инвесторлар ва жамоатчиликни янглиштирган”, деб айтилган ҳужжатда.

Сармоячилар компания ҳақидаги ҳақиқатни Фрэнсис Хауген чоп этган ҳужжатлардан билишган.

Хаугеннинг таъкидлашича, Facebook ижтимоий тармоғи адоватни қўзғаш учун “жуда қўл келади” ва ижтимоий тармоқ адоватни қўзғовчи материални атайлаб тарқатади. Facebook’нинг собиқ ходими бундай материаллар фойдаланувчиларда адоват ва ғазаб каби кучли ҳис-туйғуларни келтириб чиқариши ҳамда уларни сайтда янада кўпроқ вақт ўтказишга ундаши, бу эса компания даромадлари ошишига олиб келишини айтган.

“Facebook’да агар алгоритмлар хавфсизлик томон созланса, одамлар сайтда камроқ вақт ўтказиши, камроқ реклама кўриши, натижада компания камроқ даромад олишини тушуниб етишган”, деб айтган Хауген.

Аввалроқ Facebook компанияси ўз номини Meta деб ўзгартирганди.

Top